АҚШ Қорабоғдаги вазиятдан хавотирда
Олам
−
23 Декабрь 2022
2817АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан кеча, 22 декабрь куни озарбайжонлик ва арманистонлик мавқедошлари билан алоҳида телефон суҳбатларида Баку ва Ереванни икки томонлама кескинликни юмшатиш ва яхши қўшничилик муносабатларига пойдевор қўядиган қадамларни кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй Салливаннинг Озарбайжон Президенти ёрдамчиси – Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Ҳикмат Ҳожиев ва Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян билан музокаралари якунлари бўйича эълон қилинган ёзма баёнотда айтилади.
“Ушбу суҳбатлар давомида улар 27 сентябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган қўшма учрашувдан буён Европа Иттифоқи ва АҚШ ёрдам берган тинчлик музокараларида эришилган ютуқларни кўриб чиқдилар. Уларнинг барчаси тинчлик келишувига эришиш бўйича музокараларга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Салливан ҳар икки томонни кескинликни юмшатиш ва келажакда яхши қўшничилик муносабатларига асос бўладиган қадамларни кўриб чиқишга чақирди”, дейилади матнда.
Салливан Оқ уйнинг Лочин йўлагига чиқиш қийинлиги ва бу ҳолатнинг гуманитар оқибатларининг кучайиб бораётганидан хавотирда эканини қайд этган ва йўлак бўйлаб эркин ҳаракатланишни тўлиқ тиклашга чақирган.
14 декабрь куни Арманистон Озарбайжонни Лочин йўлагини тўсиб қўйганликда айблаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилди. 12 декабрь куни ўзларини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Лочин йўлагини тўсиб қўйди. Баку норозилик акциясидан мақсад ҳеч қандай йўлни тўсиб қўйиш эмаслигини, фуқаролик воситалари ҳар икки йўналишда ҳам эркин ҳаракатлана олишини билдирди.
Лочин йўлаги Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғлайдиган ягона йўлдир.
Ереван бу ҳаракатни Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокация сифатида баҳолади. Григорян аввалроқ Ереван БМТ, ЕХҲТ ва ЕХҲТ Минск гуруҳини Лочин йўлагига баҳолаш миссиясини жўнатишга чақиришини айтди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида айтганидек, Тоғли Қорабоғда йўлак тўсиб қўйилгани сабабли озиқ-овқат тақчиллиги бошланган.
LiveБарчаси