АҚШ Ғазо учун 2 йиллик халқаро куч мандатини талаб қилмоқчи
Олам
−
05 Ноябрь 2025 1907 3 дақиқа
АҚШ БМТда Ғазо секторида икки йиллик ўтиш даври бошқарув органи ва халқаро барқарорлаштириш кучларини ташкил этишни мақуллаш ҳақидаги резолюция лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда кеча, 4 ноябрь куни ҳужжат матнига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
Дипломатларнинг айтишича, ҳозирча лойиҳа расман Хавфсизлик Кенгашига (15 аъзо давлат) тақдим этилмаган, лекин айрим мамлакатлар билан муҳокамалар бошланган. Вашингтон ҳужжатни қайси пайтда расман киритишни режалаштираётгани ҳозирча номаълум.
АҚШ Давлат департаменти вакили “Президент Дональд Трампнинг Ғазо режасини амалга ошириш бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ва бошқа ҳамкорлар билан музокаралар давом этмоқда” деб баёнот берди ва “гўё сизниб чиққан ҳужжатлар” ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.
Икки саҳифалик ҳужжатда “Тинчлик Кенгаши” (Board of Peace) деб аталган ўтиш бошқарув органи тузилиши ва Халқаро Барқарорлаштириш Кучлари (ISF) жойлаштирилиши кўзда тутилган. Ушбу кучлар “барча зарур чораларни кўриш” ваколатига эга бўлади – бу ибора ҳарбий куч ишлатиш имконини англатади.
ISF'нинг вазифалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
- тинч аҳолини ва гуманитар ёрдам операцияларини ҳимоя қилиш;
- Исроил ва Миср билан чегара хавфсизлигини таъминлаш;
- янги тайёрланган ва текширувдан ўтган фаластинлик полиция кучлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда уларни ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш.
Ҳужжатда айтилишича, ISF Ғазо хавфсизлигини барқарорлаштириш, жумладан “нодавлат қуролли гуруҳларни демилитаризация қилиш ва қуролларни доимий тарзда йўқ қилиш” билан шуғулланади.
Бир ой аввал Исроил ва ҲАМАС Трампнинг 20 банддан иборат “Ғазо режаси”нинг биринчи босқичи – икки йиллик урушни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш келишуви бўйича келишувга эришган эди.
БМТ резолюцияси лойиҳаси ана шу режанинг иккинчи босқичини – Тинчлик Кенгаши ва ISF'ни ташкил этишни назарда тутади.
Трамп режасига кўра, ҲАМАСнинг Ғазо устидан бошқаруви тугатилади ва ҳудуд демилитаризация қилинади. ҲАМАС ҳозирча қуролсизланиш масаласида расман розилик билдирмаган – бу гуруҳ илгари ҳам шундай таклифларни рад этган.
ISF бирлаштирилган бошқарув остида, Исроил ва Миср билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Бунинг учун ҳарбий мақом ва ваколат бўйича махсус келишувлар тайёрланиши керак.
Трамп маъмурияти Ғазога америкалик аскарларни жўнатишни истамаслигини билдирган, аммо Индонезия, БАА, Миср, Қатар, Туркия ва Озарбайжонни халқаро кучларга ҳисса қўшишга чорламоқда.
Шу билан бирга, Туркия аскарларини жойлаштиришга Исроил кескин қарши эканлиги маълум қилинган.
Резолюция лойиҳаси БМТ ва Жаҳон банки ҳамда бошқа молиявий институтларни Ғазонинг қайта тикланиши ва ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратишга чақирган. Шунингдек, бу мақсадда алоҳида донорлар фонди ташкил этиш таклиф этилган.
Вашингтон резолюцияни овозга қачон қўйиши ҳозирча аниқ эмас. Қабул қилиниши учун 15 аъзодан камида 9 тасининг розилиги ва 5 доимий аъзодан (АҚШ, Британия, Франция, Россия, Хитой) ҳеч бири вето қўймаслиги керак.
Live
Барчаси