АҚШ фуқароларини Россияни тарк этишга чақирди

Олам

image

АҚШнинг Россиядаги элчихонаси америкаликларни зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирди. Бу ҳақда дипломатик миссия сайтида бугун, 13 февраль куни эълон қилинган огоҳлантиришда сўз борган. 

“АҚШ фуқаролари Украинадаги можаронинг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари туфайли Россияга саёҳат қилишдан воз кечишлари керак, Россия Федерациясида яшаётган ёки саёҳат қилаётган америкаликлар эса қўлга олиш хавфи туфайли дарҳол мамлакатни тарк этиши керак”, дейилади огоҳлантириш матнида. 

Элчихонанинг таъкидлашича, Россия томони АҚШ фуқароларини қўш фуқароликни тан олишни рад этиши, уларни консуллик ёрдамидан маҳрум қилиши, сафарбар қилиши, мамлакатдан чиқиб кетишига йўл қўймаслиги ва/ёки ҳарбий хизматга чақириши мумкин. 

Ўтган йилнинг 28 сентябрь куни АҚШ элчихонаси ҳам худди шундай огоҳлантириш бериб, ўз фуқароларини бунинг учун ҳали имкониятлар борида, Россияни тарк этишга чақирган эди.

Элчихонанинг қўшимча қилишича, Россияни тарк этмоқчи бўлган АҚШ фуқаролари бунинг учун “мустақил чоралар” кўришлари керак, чунки дипломатик миссия ўз имкониятлари чекланган. 

“АҚШ фуқаролари шуни билишлари керакки, АҚШнинг кредит ва дебет карталари энди Россияда ишламайди ва Россия банкларига нисбатан жорий қилинган санкциялар туфайли АҚШдан электрон пул ўтказиш имконияти ниҳоятда чекланган. Россияда нақд пул танқислиги ҳақида хабарлар бор”, дейилади дипломатик миссия хабарида. 

Бундан ташқари, АҚШ фуқароларига “ҳар қандай сиёсий ёки ижтимоий норозилик”дан қочиш ва бундай тадбирларда хавфсизлик ходимларини суратга олмаслик тавсия қилинган. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ элчихонаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг