АҚШ Форс кўрфазидаги базаларини Исроилга кўчириши мумкин

World

image

АҚШ Форс кўрфазидаги айрим ҳарбий базаларини Исроилга кўчириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.

Маълумотларга кўра, Вашингтон Баҳрайндаги ҳарбий базасини қайта жиҳозлашни ҳамда Қувайт ва Саудия Арабистонидаги ҳарбий иштирокини босқичма-босқич қисқартиришни муҳокама қилмоқда. Расмийларнинг сўзларига кўра, айрим базалар Исроил ҳудудига кўчирилиши мумкин.

Жорий йилнинг 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан сўнг, Эрон Форс кўрфазидаги АҚШ объектларига жавоб зарбаларини берган. Хусусан, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти жойлашган Баҳрайндаги ҳарбий база февраль охиридан июн ойигача бир неча бор ҳужумга учраган. База Эрондан атиги 240 километр узоқликда жойлашгани сабабли ҳужумлар учун энг заиф нуқталардан бири ҳисобланади.

Ҳужумлар оқибатида қўмондонлик штаби, казарма, бир нечта омбор ва ичимлик суви сақлаш иншоотига жиддий зарар етган. Айрим маълумотларга кўра, базага етказилган зарар миқдори қарийб 400 миллион долларни ташкил этади. Пентагон эса ҳозиргача талафот кўламини расман тасдиқламаган.

Баҳрайндаги базада АҚШ ҳарбийлари орасида қурбонлар бўлмаган. Бироқ Эроннинг минтақадаги зарбалари оқибатида жами 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган.

Мутахассислар етказилган зарар расман эълон қилинганидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Хусусан, қиймати қарийб 20 миллион доллардан бўлган иккита сунъий йўлдош алоқа терминали ҳам йўқ қилингани қайд этилган.

Етказилган зарардан сўнг, АҚШ Баҳрайндаги базадаги қўмондонлик марказларини ер остига кўчирмоқда. Шунингдек, вайрон бўлган айрим иншоотларни қайта тикламасликка қарор қилингани айтилмоқда. Бундан ташқари, Вашингтон АҚШ ва Исроил ҳарбий ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришни назарда тутувчи янги ташаббуслар устида ҳам ишламоқда.

Шу билан бирга, айни пайтда АҚШда Эронга қарши урушга нисбатан жамоатчилик кайфияти ҳам ўзгарган. Quinnipiac University ўтказган сўровга кўра, америкалик сайловчиларнинг 60 фоизи Эронга қарши ҳарбий амалиётни оқламаган. Респондентларнинг 61 фоизи эса Эрон барибир ядро қуролини яратиши эҳтимоли юқори, деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Эрон Швейцарияда ўтказилган музокараларда 60 кун ичида якуний тинчлик келишувига эришиш бўйича йўл харитасини келишиб олган эди.

Бироқ, Америка ҳарбийлари Сингапур байроғи остида Ҳормуз бўғози орқали сузиб кетаётган савдо кемасига Теҳрон томонидан уюштирилган ҳужумга жавобан Эронга зарбалар берди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends