АҚШ Эрондан узоқлашиши эвазига Суриядан санкцияларни олиб ташламоқчи
Олам
−
20:03
1355АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Сурия ва унинг Президенти Башар Асадга қўйилган санкцияларни олиб ташлаш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
“БАА ва АҚШ Башар Асадга нисбатан қўйилган санкцияларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунинг асосий шарти – Асаднинг Эрондан узоқлашиши ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қурол етказиб беришни тўхтатиши”, дейилади хабарда.
Нашрга кўра, БАА узоқ вақтдан бери Сурия билан алоқаларни яхшилашни хоҳлайди, бироқ АҚШ санкциялари бунга тўсқинлик қилмоқда. Манбаларнинг сўзларига кўра, араб давлатлари бир неча ойдан бери Асадни Эрондан узоқлашишга ундаб келмоқда ва бунинг эвазига молиявий рағбатлантириш таклиф қилмоқда.
“Оқ уй ушбу ташаббусни Амирликлар билан муҳокама қилишга қарор қилган, чунки Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий операциясидан сўнг Асаднинг позицияси заифлашган. Шу билан бирга, БАА Сурия инфратузилмасини тиклаш учун молиявий ёрдам кўрсатишга қизиқиш билдирмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, АҚШ Сурия ҳукумати ва Башар Асад режимига қарши бир қатор санкцияларни қўллаб келмоқда. Бу санкциялар, асосан, Сурия фуқаролар уруши давомида инсон ҳуқуқлари бузилиши, тинч аҳоли ўлими ва кимёвий қуроллардан фойдаланиш каби ҳолатлар сабабли жорий этилган.
Қайд этиш жоиз, ўтган ҳафтада ҳукуматга қарши қуролли гуруҳлар Суриянинг Идлиб ва Ҳалаб провинцияларида ҳужумлар бошлаганди. Террорчилар бир қатор аҳоли пунктларини тезда назоратга олишга эришган. Хусусан, улар Ҳалаб шаҳрининг муҳим қисмини, жумладан, марказий туманларни назорат қилаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, шаҳар аэропорти ҳам ёпилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон томони ташаббуси билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида Россия Президенти Владимир Путин ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён Суриядаги кескинликни муҳокама қилган эди.