АҚШ Эрон нишонларига зарба бериш режасини тасдиқлади

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Сурия ва Ироқдаги Эрон билан боғлиқ нишонларга зарба бериш режаларини маъқуллади. Бу қарор Америка базасига уюштирилган ҳужумда уч нафар ҳарбийнинг ҳалок бўлишига жавобан қабул қилинган. Бу ҳақда расмийларга таяниб, CBS News телеканали хабар берди

Айтилишича, зарба бериш вақтини танлашда АҚШ ҳарбийлари об-ҳаво шароити ва кўриш даражасига эътибор қаратади. Расмийларнинг фикрига кўра, бу тинч аҳолининг тасодифий ўлимининг олдини олади.

"Биз минтақада можаро авж олишига йўл қўймаслик учун ишлашда давом этамиз, аммо биз Қўшма Штатлар, манфаатларимиз ва халқимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрамиз", дейди АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин.

Қайд этилишича, бир кун аввал “Катаиб Ҳизбуллоҳ” ярим ҳарбийлашган гуруҳи америкалик ҳарбийларга қарши операция тўхтатилганини эълон қилган. Ўша пайтдан бошлаб, телеканал маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбий базаларига янги ҳужумлар бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Сурия-Иордания чегараси яқинидаги АҚШ ҳарбий базасига қилинган дрон ҳужуми оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган ва бир неча ўнлаб киши жароҳатланган эди. Ҳужум учун жавобгарликни Ироқ қаршилиги деб аталган гуруҳ ўз зиммасига олди. АҚШ эса ўз аскарларининг ўлимида Эронни айблади. Президент Байден бунга ўзи мос деб ҳисоблаган вақтда ва даражада жавоб қайтаришга ваъда берди. Теҳрон эса ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этди. “Politico” газетаси ўз манбаларига таяниб, Жо Байден қарши жавоб чораларини ишлаб чиқишни буюргани, эҳтимолий таклифлар қаторида Ироқ ва Суриядаги Эрон ҳарбий хизматчиларига ҳужум ҳам кўриб чиқилаётганини ёзди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Жо Байден Ллойд Остин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг