АҚШ Эрон қўшниларини унга қарши қайрамоқчи
Олам
−
11 Февраль 2023
9448АҚШ маъмурияти расмийлари жорий йилнинг 13-16 февраль кунлари Саудия Арабистонида Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари вакиллари билан Эрон таҳдиди, ҳаво мудофааси ва терроризмга қарши кураш билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.
“Америка идоралараро делегацияси 13-16 февраль кунлари кенгаш ишчи гуруҳлари йиғилишларида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетади. Ар-Риёдда бўлиб ўтадиган маслаҳатлашувлар учта устувор масала: ҳаво ва ракетага қарши мудофаа ва денгиз хавфсизлиги, Эрон ва терроризмга қарши курашга қаратилади”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Қайд этилишича, АҚШ делегацияси таркибига АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Роберт Малли, Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Кристофер Лендберг, Мудофаа вазирининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дана Стровл ҳамда бошқа дипломатлар ва ҳарбий амалдорлар киради.
Маълумот учун, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши 1981 йилда тузилган минтақавий ташкилот бўлиб, унинг таркибига Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон ва Саудия Арабистони киради. У дастлаб иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти сифатида шаклланган ва кейинчалик ташкилот доирасида сиёсий-ҳарбий масалалар ҳам муҳокама қилина бошланган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси