АҚШ энди Хитойга таҳдид қилди
Олам
−
09 Март 2022
44868Россияга нисбатан қўлланилаётган санкцияларни четлаб ўтиб, ўз маҳсулотларини ҳамон Москвага етказиб беришда давом этаётган Хитой компаниялари Америка Қўшма Штатларининг қаттиқ жазоларига дучор бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Савдо вазири Жина Раймондо “The New York Times” газетасига берган интервьюсида айтган.
Қайд этилишича, агар Хитой чекловларга қарамасдан Россияга маҳсулот етказиб берса, АҚШ чип ишлаб чиқариш учун зарур бўлган аппарат ва дастурий таъминотни Пекинга етказиб беришни тўхтатади. Бу эса Шанхайдаги энг йирик чип ишлаб чиқарувчи Semiconductor Manufacturing International Corp (SMIC) ва бошқа Хитой компанияларининг ёпилишига олиб келади.
“Агар АҚШ Шанхайдаги яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи SMIC маҳсулотларининг Россияга жўнатилаётганини аниқласа, компанияга аппарат ва дастурий таъминот етказиб беришнинг олди олинади. Бу Хитойнинг чипларни ишлаб чиқариш қобилиятига ҳалокатли зарба беради”, деб таҳдид қилди Раймондо.
Савдо вазирининг сўзларига кўра, Хитой дунёдаги энг илғор яримўтказгичларни ишлаб чиқариш имкониятига эга эмас.
Аввалроқ, Хитой Россиянинг “Газпром”, “Русал” ва бошқа энергетика, хомашё компаниялари акцияларини сотиб олиш ёки мавжудларини ошириш имкониятини кўриб чиқмоқдалиги ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси