АҚШ элчиси Россияни номаълум муддатга тарк этади
Олам
−
20 Апрель 2021
5296АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан бу ҳафта Америкага жўнайди, кейин эса яна ортга, Москвага қайтади. Бу ҳақда “Axios” портали хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи Ишлар Вазирлигининг консултациялар учун Вашингтонга учиш таклифига қарамай, Салливан Россияни тарк этиш ниятида эмаслиги тўғрисида хабарлар тарқалганди. Агарда Россия томони Салливан Москвани тарк этишини хоҳласа, уни “мажбур қилиш”га ҳам тўғри келишини маълум қилганди.
АҚШ Давлат департаменти вакилининг айтишича, Салливан АҚШга оиласи билан дийдорлашиш, аввалроқ консултация қилишга имкони бўлмаган янги администрация ходимлари билан учрашиш учун қайтмоқда. Дипломатнинг сўзларига кўра, у яқин ҳафталарда Москвага қайтади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавров Россия Салливанга ўз юртига қайтиш ва у ерда жиддий, батафсил музокаралар ўтказишни маслаҳат берганини айтиб ўтганди. Манбага кўра, Россия ва АҚШ элчилари вазиятни таҳлил қилиш учун бир муддат ўз пойтахтларида бўлиши лозимлиги сабабли шундай тавсия берилган.
Маълумот учун, бир неча кун илгари АҚШ Россияга қарши турли чекловлар ўрнатди, улар 32 нафар жисмоний шахс ва ташкилотларга, шу билан бир қаторда Россия давлат облигациялари харидига таъсир ўтказди. Бундан ташқари, мамлакатдан 10 нафар рус дипломати чиқариб юборилди.
Бу вазиятдан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг санкциялари икки давлат халқи манфаатлари учун хизмат қилмаслигини билдирди. Жавоб тариқасида Россия Американинг ўнлаб дипломатларига мамлакатни тарк этишни таклиф қилди. Қисқа муддатли дипломатик вазифалар орқали келувчи АҚШ дипломатларининг ташрифи ва мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши тақиқланди, назоратдаги бир қанча Америка фондлари фаолияти тугатилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерациясининг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов март ойида музокаралар учун Москвага таклиф қилинганди.
Қайд этилишича, Президент Жо Байден Путиннинг АҚШ сайловларига аралашгани учун “жавоб бериши”ни таъкидлаганидан сўнг, Россия Қўшма Штатлар билан кейинги муносабатни белгилаб олмоқчи бўлган.
Бокирхон Қосимхонов
LiveБарчаси