АҚШ дунё иқтисодий тартибини бузаётган давлатларни қатъий огоҳлантирди
Олам
−
19 Июль 2022
9953Ғарб давлатлари жаҳон иқтисодий тартибини суиистеъмол қилаётган ёки бузаётган давлатларга нисбатан қаттиқ чоралар кўриш ниятида. Бу ҳақда АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен маълум қилди.
"Қўшма Штатлар ва бизнинг иттифоқчиларимиз, масалан, Корея [Республикаси] глобал иқтисодий тартибни таъминловчи меъёрлар ва қадриятларга қатъий содиқликни талаб қилишда давом этиш учун биргаликда ишлайди", дейди вазир Жанубий Кореядаги анжуманлардан бирида сўзлаган нутқида.
Йелленнинг сўзларига кўра, Ғарб “бу тартибни суиистеъмол қилган ёки бузган” давлатларга нисбатан қаттиқ чоралар кўради, буни Россия агрессиясига нисбатан бераётган жавобларидан ҳам кўриш мумкин. Унинг фикрича, иқтисодий интеграция Россия томонидан қурол сифатида самарали тарзда фойдаланилган.
“Россия ҳозирда Украинадаги портларни тўсиб, глобал озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқариш билан таҳдид қилмоқда. Унинг Украинага бостириб кириши эса аллақачон Америка ва бутун дунёда энергия нархини ошириб юборган”, дейди Йеллен.
Вазирнинг айтишича, Россиянинг босқини бирорта ҳам давлатга зарар етказмай қўймади.
“Барча масъул давлатлар бу урушга қарши бирлашишлари ва уни тезроқ тугатиш учун биргаликда ҳаракат қилишлари керак”, дейди АҚШ расмийси.
Россия нефтининг нархини чеклаш
Йелленнинг қайд этишича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари “глобал энергия бозорларида нархларнинг ўзгаришига йўл қўймасдан, “Россия даромадларини қисқартиришга интилмоқда”. Бунга “экспорт қилинадиган Россия нефтига нарх чекловлари ўрнатиш орқали эришиш мумкин” ва бу бутун дунё бўйлаб юқори энергия нархини пасайтиришга ёрдам беради.
“АҚШда инфляция қабул қилиб бўлмайдиган даражада юқори бўлган бир пайтда, [Россия нефти] нархини чеклаш бензиннинг юқори нархига қарши курашишимиз керак бўлган энг кучли воситалардан биридир. Лекин биз буни ёлғиз қилолмаймиз, бу учун биз билан ишлайдиган глобал ҳамкорлар керак”, деган вазир.
Йеллен ўз нутқида Хитой сиёсатини ҳам танқид қилган. Унга кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари “мамлакат миллий хавфсизлик манфаатларига зарар етказувчи Хитойнинг адолатсиз амалиёти” каби масалалар устида ишлаши керак.
“Биз Хитой каби мамлакатга асосий хомашё, технологиялар ёки маҳсулотлар бозоридаги ўз позицияларидан бизнинг иқтисодиётимизга путур етказиш ёки исталмаган геосиёсий воситалардан фойдаланишига рухсат бера олмаймиз”, дейди вазир.
LiveБарчаси