АҚШ COVID-19 Хитой лабораториясидан “сизгани”ни исботловчи ҳисобот эълон қилди
Олам
−
02 Август 2021
15267АҚШнинг Республикачилар партияси раҳбари Мак Маккол COVID-19 Хитойнинг Ухань вирусология институти лабораториясида ишлаб чиқилганини исботловчи ҳисобот тақдим этди. Бу ҳақда “The Hill” хабар берган.
Ҳисобот республикачи қонунчилар томонидан ўтказилган текширувдан сўнг тайёрланган. Макколнинг сўзларига кўра, республикачилар энди денгиз маҳсулотлари бозори коронавирус инфекциясининг манбаси бўлганига ишонмайди.
“Шунингдек, кўпгина далиллар шуни кўрсатадики, вирус ҳақиқатан ҳам Ухань институтидан “сизган” ва бу 2019 йил 12 сентябргача содир бўлган”, дейилган хабарда.
Ҳужжатга кўра, Ухань институти лабораторияси олимлари америкалик мутахассислар ҳамда Хитой ва АҚШ давлат фондлари маблағлари иштирокида коронавирусларни модификацияси устида иш олиб боргани ҳақида кўплаб далиллар мавжуд.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти март ойида коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун Ухань шаҳрига ташриф буюрган халқаро экспертлар ҳисоботининг тўлиқ версиясини эълон қилди. Унда вируснинг янги тури одамларга бошқа ҳайвон орқали юққанлиги ёзилган.
Шунингдек, коронавируснинг лабораториядаги тажрибалар натижасида келиб чиққани тўғрисидаги фаразлар ҳам мавжуд. Яна бир тахминда эса касаллик совутилган овқатлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган.
Америка Қўшма Штатлари ва яна 13 мамлакат ЖССТ миссиясининг хулосаларидан кўнгли тўлмаганини билдириб, баёнот берган. Улар коронавирус келиб чиқиши тўғрисида шаффоф тергов ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган. АҚШ разведкаси вирусни одамга ҳайвондан ва лабораториядан юққани тўғрисидаги тахминларни илгари суриб келади.
LiveБарчаси