АҚШ чегарасида олти ой ичида 1 миллионга яқин муҳожир ҳибсга олинди
Олам
−
25 Март
3327АҚШнинг жанубий чегарасида 2024 молия йили бошидан буён (АҚШда октябрда бошланади) 1 миллионга яқин муҳожир қўлга олинди. Бу ҳақда АҚШ Чегара хизмати бошлиғи Жейсон Оуэнсга таяниб, CBS News хабар берди.
“Бу миллий хавфсизликка таҳдид. Чегара хавфсизлиги миллий хавфсизликнинг муҳим қисмидир. Мамлакатимизга кимлар кириб келаётганини билмасак, уларнинг ниятини билмаймиз. Бу таҳдид ва улар бизнинг заифлигимиздан фойдаланмоқда”, дейди Жейсон Оуэнс.
Унинг айтишича, биргина сўнгги олти ой ичида Чегара хизмати АҚШ-Мексика чегарасида 1 миллионга яқин муҳожирнинг қўлга олинишини қайд этган ва бу рақам сентябрь ойига келиб икки баравар ошиши мумкин.
“Бу жуда катта рақам, лекин мени тунда уйғотадиган нарса – қочишга муваффақ бўлган 140 минг. Ва булар биз биладиган ҳолатларгина, холос”, дея қўшимча қилди Оуэнс.
2022 ва 2023 молиявий йилларда АҚШ Чегара хизмати жанубий чегарани ноқонуний кесиб ўтган 2 миллиондан ортиқ муҳожирларнинг ҳибсга олинганини маълум қилган, бу тарихдаги энг юқори кўрсаткичдир. 2023 йилнинг май ойида мамлакат собиқ президент Дональд Трамп даврида коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган депортация бўйича 42-модда деб аталадиган махсус режимни қўллашни тўхтатди. Унга кўра, муҳожирларга COVID-19 тарқалиши хавфи туфайли бошпана бериш рад этилиши мумкин эди. Амалдаги етакчи Жо Байден маъмурияти бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаганларни депортация қилиш каби янги талабларни киритди, бироқ бу муҳожирлар оқимини тўхтата олмади.
Оуэнснинг таъкидлашича, чегарани ноқонуний кесиб ўтишнинг ўсиши асосан Мексика картелларининг фаоллиги ошиши билан боғлиқ. У иммиграция сиёсатини қаттиқроқ жорий этишга чақирди.
“Мен қамоқ муддати ҳақида гапиряпман. Сизни мамлакатдан чиқариб юборилганингиз ва ўрнатилган қонуний йўллар ўрнига ноқонуний йўлни танлаганингиз учун қайтиб келишингиз тақиқлангани ҳақида гапиряпман”, деб тушунтирди Чегара хизмати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монтана штатидан сенатор Стив Дэйнс 2023 йилда Марказий Осиёдан 50 минг киши (улардан 17 минг нафари ўзбекистонлик) АҚШ чегарасини кесиб ўтганини айтганди.
LiveБарчаси