АҚШ Бош вазирга суиқасдни қоралади

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Покистоннинг собиқ Бош вазири Имрон Хонга уюштирилган суиқасдни қоралади ва исломий республикадаги сиёсатчиларни зўравонликдан қочишга чақирди. Бу ҳақда кеча, 3 ноябрь куни Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди. 

“Қўшма Штатлар Имрон Хон ва унинг тарафдорларига қилинган ҳужумни кескин қоралади ва жабрланганларнинг барчаси тезроқ тузалиб кетишига умид қилмоқда. Зўравонликка сиёсатда ўрин йўқ. Биз барча томонларни тинчлик тамойилларига риоя қилишга ва зўравонликдан воз кечишга чақирамиз”, дейди у. 

Жан-Пьер АҚШ Президенти Жо Байденнинг Вашингтондан Нью-Мексикога жўнаб кетган самолётида журналистлар билан суҳбатлашди. Брифинг Оқ уй сайтида жонли эфирда намойиш этилди. 

Кеча, 3 ноябрь куни Гужранваланинг Вазиробод шаҳрида Имрон Хонга нисбатан суиқасдга уриниш амалга оширилди. Собиқ Бош вазир 28 октябрь куни Панжоб провинцияси маъмурий маркази – Лаҳор шаҳридан бошланган “Ҳакики Азади” (“Ҳақиқий эркинлик”) номли “Теҳрик-и-Инсаф” партияси тарафдорларининг юришига бошчилик қилди. Ҳужум қилган йигит сиёсатчи юк машинаси томида турганида тўппончадан ўқ узган. Ҳодиса оқибатида, Ҳиндистоннинг NDTV телеканали хабарига кўра, бир киши ҳалок бўлган, яна 13 киши жароҳатланган. Имрон Хоннинг ўзи ўнг оёғидаги жароҳат билан Лаҳор шифохонасига етказилган, унинг ҳаёти хавф остида эмас. Покистон матбуотига кўра, полиция суиқасд уюштиришда гумонланувчини қўлга олган, у собиқ Бош вазирни “одамларни алдагани” учун ўлдирмоқчи бўлганини айтган. 

Имрон Хон 2022 йил апрель ойида парламентнинг қуйи палатаси унга ишончсизлик вотумини қабул қилиб, Покистон мусулмон лигаси раиси Шаҳбоз Шариф янги Бош вазир этиб сайлангач, Покистон ҳукумати раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди. Жорий йилнинг май ойидан бери Хоннинг партияси мамлакатда ҳокимиятга қайтиш учун кампания олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Имрон Хон

Баҳолаганлар

65

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made