АҚШ билан алоқалар Ғарбга ёқмаяпти – Путин
Олам
−
27 Февраль
9415Ғарб элиталари ҳали ҳам дунёда беқарорликни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 27 февраль куни Федерал хавфсизлик хизмати ҳайъати йиғилишида сўз очди.
Россия раҳбарининг айтишича, Американинг янги маъмурияти ва Россия ўртасидаги алоқалар умид уйғотмоқда.
“Дунёдаги вазиятни барчамиз кўриб турибмиз. Шуни таъкидлашни истардимки, Американинг янги маъмурияти билан дастлабки алоқалар маълум умидларни уйғотмоқда”, деган Россия раҳбари.
Унинг айтишича, икки ўртада давлатлараро муносабатларни тиклаш, жаҳон архитектурасида тўпланиб қолган улкан тизимли, стратегик муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш борасидаги ишлар бўйича алоқалар мавжуд.
“Айнан шу муаммолар ўз вақтида Украина ва бошқа минтақавий инқирозларни келтириб чиқарган”, дейди Владимир Путин.
Шунингдек, Путин Россия-Америка ўртасидаги алоқалар ҳаммага ҳам ёқмаслиги, Ғарб мамлакатлари беқарорликни сақлаб қолишни истаётганини ҳам қўшимча қилган.
“Биз тушунамизки, Россия-Америка алоқаларининг тикланиши ҳаммани ҳам қониқтирмайди. Баъзи Ғарб элиталари ҳали ҳам дунёда беқарорликни сақлаб қолишга қарор қилишмоқда. Бу кучлар эса бошланган мулоқотни бузиш ёки муроса қилишга уринади, буни биз кўриб турибмиз. Биз буни ҳисобга олиб, дипломатия ва махсус хизматларнинг барча имкониятларидан фойдаланиб, бундай уринишларнинг олдини олишимиз керак”, деди Россия Президенти.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 27 февраль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида ёпиқ форматдаги музокаралар бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси