АҚШ Баку ва Ереванни Москванинг “найранг”идан огоҳлантирди

Олам

image

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс кеча, 28 октябрь куни журналистлар учун навбатдаги брифингда Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин ва Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида бўлажак уч томонлама музокаралар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Россиянинг Баку ва Ереван ўртасидаги можарони ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини изоҳлашдан бош тортди.  

“Россия Федерациясининг саъй-ҳаракатлари ҳақида тўғридан-тўғри изоҳ бермайман. Лекин шуни айтаманки, бу икки давлат (Озарбайжон ва Арманистон) бўлажак музокараларда қандай ёндашувни танлашини ўзлари ҳал қилишади. Ўйлайманки, дунё қўшнилари ҳақида гап кетганда Россиянинг тажрибасини билади”, дейди Давлат департаменти вакили.

Унинг сўзларига кўра, Москва ўз қўшниларининг суверенитетини ҳурмат қилмайди, шунинг учун узоқ муддатда ишончли ҳамкор бўлиши қийин.

“Фикримизча, бу АҚШдан кескин фарқ қилади. Бизнинг ягона мақсадимиз – Арманистон ва Озарбайжон халқлари орзу қилган мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик орқали бу мамлакатларга зўравонликни тугатишга ёрдам беришдир. Айрим доиралардан, жумладан, Москвадан, аниқроғи, Арманистон ва Озарбайжонга нисбатан ниятларимиз ҳақида нотўғри маълумотлар келишда давом этмоқда”, дейди Прайс. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ бу икки давлатнинг ҳамкори ҳисобланади.

“Биз ўнлаб йиллар давомида уларнинг ҳамкорлари бўлиб келганмиз. Жанубий Кавказ давлатларининг, жумладан Арманистон ва Озарбайжоннинг суверенитети ва мустақиллиги учун АҚШдан кўра кўпроқ тарафдор йўқ”, дейди Прайс.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар фақат Баку ва Еревандан Москва ёки дунёнинг бошқа давлатларидан қатъи назар ташқи сиёсат юритишини хоҳлайди.

“Биз Арманистон ва Озарбайжон билан ўзаро алоқада бўлганимизда, биз ягона мақсад – зўравонликка чек қўйиш, бу мамлакатларни мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик йўлига қўйишни кўзлаймиз”, деб ишонтирди дипломат.

Сочидаги учрашув

Кремль матбуот хизмати аввалроқ эълон қилганидек, Путин, Алиев ва Пашинян эртага, 31 октябрь куни Сочида уч томонлама музокаралар ўтказади. 

Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь ва 26 ноябрдаги уч томонлама келишувларини амалга ошириш, Транскавказда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқиш режалаштирилган. Учрашув Россия томонининг ташаббуси билан ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг