АҚШ Афғонистонни тиклаш бўйича дастурларини қайтадан бошлади
Олам
−
28 Октябрь 2022
4985Америка Қўшма Штатлари Афғонистонни қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича ўз дастурларини яна фаоллаштирди. Бу ҳақда Афғонистон бўйича махсус инспекторнинг янги ҳисоботида айтилади.
“Давлат департаменти ва USAID 2021 йил августигача давом этган тикланиш дастурларини қайта очди ва қашшоқлик, очлик, тўйиб овқатланмаслик, иқтисодий стрессга қарши курашиш ҳамда соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа дастурларга янги маблағ ажратди”, дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, Афғонистонда соғлиқни сақлаш соҳаси маблағ ва малакали кадрлар етишмаслигига дуч келаётгани қайд этилган.
“Толибон” ҳокимият тепасига келганидан сўнг, соғлиқни сақлаш соҳаси маблағ танқислигига дуч келди, чунки Афғонистон соғлиқни сақлаш соҳасини халқаро кўмак ва ҳукумат томонидан молиялаштириш дарҳол тўхтатилди. Жаҳон банки ўзининг "Сеҳатманди" дастурини молиялаштиришни тўхтатди, бу эса соғлиқни сақлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келди”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, ўтган йилнинг август ойида “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, аксарият халқаро ташкилотлар янги ҳокимият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган эди. “Толибон” ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Бироқ бир қатор давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ҳам “Толибон” билан гуманитар масалаларда ҳамкорлик қилади.
LiveБарчаси