АҚШ Афғонистонга “Толибон” орқали ёрдам бермайди. Вашингтоннинг шарти бор
Олам
−
08 Ноябрь 2021
6498Айни пайтда Америка расмийлари Афғонистон аҳолисига тўғридан-тўғри “Толибон” ҳаракатининг амалдаги ҳукумати орқали эмас, балки халқаро ва нодавлат ташкилотлари орқали инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан CNN телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Айни пайтда АҚШ Афғонистонга энг кўп гуманитар ёрдам кўрсатувчи донор бўлиб, биргина жорий йилнинг ўзида биз халқаро ва нодавлат ташкилотлари орқали қарийб ярим миллиард доллар маблағ ажратдик. Биз ҳали тўғридан-тўғри Афғонистоннинг ҳозирги раҳбарияти, “Толибон” тимсолидаги раҳбарият орқали пул билан таъминлай олмаймиз. Биз ҳамма нарсага — инклюзив ҳукуматдан тортиб улар билан мунтазам муҳокама қилинадиган бошқа элементларгача бўлган ёндашувда сезиларли яхшиланишни кўрмагунимизча, бизнинг эътиборимиз халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар орқали молиялаштиришга қаратилади. Биз бу пулнинг бир қисмини АҚШ миллий хавфсизлик манфаатларига муаммо туғдирадиган мақсадларда ишлатиш учун шароит яратмасдан, Афғонистон халқига ҳақиқатан ҳам ёрдам бериш учун шу усулни энг яхшиси деб ҳисоблаймиз”, деб тушунтирган Салливан.
Маълумот учун, август ойи бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини кучайтириб, 15 августда Қобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Қобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинди.
31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Қобул аэропортини тарк этди. Шу билан АҚШнинг Афғонистондаги 20 йиллик миссияси якунланди. Сентябрь ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди, унга биринчи “Толибон” ҳукмронлиги даврида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд бош бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь