АҚШ Афғонистонда неча миллиардлик техника қолдиргани очиқланди

Олам

image

АҚШ 2021 йилнинг август ойида Афғонистондан қўшинларини олиб чиққач, мамлакатда қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган ҳарбий техникаларни қолдириб кетган. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳисоботига таяниб, CNN хабар берди.

Ҳисоботда айтилишича, 2005-2021 йилларда Қўшма Штатлар Афғонистон ҳукуматига 18,6 миллиард долларлик ҳарбий техника ўтказган. 2021 йилнинг августида Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин, 7,12 миллиард долларлик техника мамлакатда қолган. 

“Энди у “Толибон” ҳаракати қўлига ўтди”, дейилади хабарда.

CNN маълумотларига кўра, Афғонистонда Американинг самолётлари, ҳарбий машиналари, қурол-яроғ, ўқ-дорилар, алоқа ва бошқа жиҳозлари қолган. АҚШ ҳарбий раҳбарияти ташлаб қўйилган мулкни йиғиш ёки йўқ қилиш учун Афғонистонга қайтиш ниятида эмас. Шу билан бирга, қуролларнинг аксарияти ишлатишга яроқли бўлиши учун доимий “парваришни” талаб қилади.

Маълумот учун, 2021 йил 14 апрелда АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни тўхтатишга қарор қилганини эълон қилди. Бу Америка тарихидаги энг узоқ хорижий ҳарбий кампания бўлди. Қўшма Штатлар бу урушни 2001 йил октябрь ойида бошлаган. Америка қўшинларини олиб чиқиш 2021 йил май ойида бошланган ва сентябрь ойи бошида якунланган. АҚШнинг 2010-2013 йиллардаги амалиёти энг юқори чўққисида Афғонистондаги Ғарб кучлари сони 150 минг кишидан ошди. АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар бўлинмалари 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилди.

Қўшма Штатлар ўз кучларини олиб чиқиш ниятини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияни бошлади. Ўтган йилнинг 15 август куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани хорижга қочиб кетган ва “Толибон” жангсиз Қобулга кириб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

337

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг