АҚШ ҳарбийлари Ироқдаги энг йирик ҳарбий базани тарк этмоқда
Олам
−
23 Август 5132 2 дақиқа
АҚШ қўшинлари Ироқнинг ғарбида, Анбар вилоятида жойлашган энг йирик база – “Айн-аль-Асад”дан чиқишни бошлади. Бу ҳақда мамлакатнинг расмий вакилларига таяниб, IRNA хабар берди.
Қайд этилишича, бу жараён халқаро антитеррор коалицияси кучларини босқичма-босқич олиб чиқиш доирасида амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳарбий техника колонналари базадан чиқиб, Курдистондаги Эрбиль шаҳрида жойлашган “Ҳарир” базасига йўл олган. Бу коалиция кучларини олиб чиқиш бўйича тузилган келишувга мувофиқ бажарилмоқда.
Ироқнинг “Shafaq” агентлигига кўра, “Айн-аль-Асад” базаси жорий йилнинг 15 сентябрь куни бутунлай ёпилади.
2024 йилнинг сентябрида АҚШ ва Ироқ ўртасида келишув имзоланган эди. Унга кўра, халқаро коалиция кучлари (АҚШ бошчилигида) босқичма-босқич мамлакатдан олиб чиқилади. Режага мувофиқ:
- қўшинларнинг бир қисми 2025 йил сентябрига қадар Ироқни тарк этиши керак;
- қолганлари эса 2026 йил охиригача олиб чиқилади.
Маълумот учун, Ироқнинг Анбар вилоятида жойлашган “Айн-аль-Асад” базаси 1980 йилларда Саддам Ҳусайн даврида қурилган бўлиб, 2003 йилда АҚШ қўшинлари Ироққа киргач, америкаликлар назоратига ўтган ва минтақадаги энг йирик ҳарбий марказлардан бирига айланган. АҚШ қўшинлари Афғонистон ва Суриядаги операцияларни ҳам шу базадан мувофиқлаштириб келган. 2020 йилда Эрон генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилгач, Эрон бу базага ракета ҳужуми уюштирган.
Live
Барчаси