Агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, АҚШ уни ҳимоя қилади – Байден

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари Хитойдан эҳтимолий босқин содир бўлган тақдирда Тайванни ҳимоя қилади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден “CBS” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Агар ҳақиқатан мисли кўрилмаган ҳужум бўлса, АҚШ Тайванни ҳимоя қилади”, деб жавоб берган Байден журналистларнинг Тайвань масаласидаги саволига.

АҚШ раҳбари Вашингтон Тайвань мустақиллигини рағбатлантириш ниятида эмаслигини таькидлаган.

"Вашингтон “Ягона Хитой” сиёсатига амал қилади. Бироқ, бу Хитой Тайванни босиб олиш учун куч ишлатиш ҳуқуқига эга, дегани эмас. Тайвань ўз мустақиллиги тўғрисида қарор қабул қилади. Биз уларнинг мустақиллигини рағбатлантирмаймиз. Бу уларнинг қарори”, дея қўшимча қилган у.

Шунингдек, Президент АҚШнинг Тайвань масаласидаги сиёсати ўзгармаганини, бир томонлама ўзгаришлар бўлмаслигини таъминлашга қарор қилинганини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, CNN журналисти Анна Кабрера АҚШ Марказий разведка бошқармаси ходимига асосланиб, Хитой 2027 йилгача Тайванни эгаллаши ҳақида хабар берган эди.

Маълумот ўрнида, Тайвань 1949 йилда Чан Кайши  (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлуб бўлиб, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолди. ХХРнинг аксарият давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган расмий позициясига кўра, орол Хитой провинцияларидан бири ҳисобланади. 

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, ХХР билан ўрнатди. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайпей маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди. 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифи ортидан Тайвань бўғози минтақасидаги кескинлик жиддий равишда авж олди, бу эса Пекиннинг кескин танқидига сабаб бўлди.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг