“Афросиёб” тезюрар поезди Россиядан Ўзбекистон томон йўл олди

Жамият 19814
image_2021-07-21_21-31-44

Аввалроқ Испаниянинг Бильбао портидан йўлга чиққан “Афросиёб” поезди, яъни 2 та локомотив ва 11 та вагон, шунингдек, алоҳида яна 4 та вагон ортилган кема Россиянинг Санкт-Петербург портига етиб келгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 21 июль куни “Ўзтемир йўлйўловчи” Матбуот хизматининг хабар қилишича, Испаниядан олиб келинаётган “Афросиёб” тезюрар поезди вагон ва локомотивлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Ўзбекистонга йўл олган.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутахассислари россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда мазкур поездни Ўзбекистонга олиб келишга ҳозирлаган. Жорий йил 20 июль куни Афросиёб поезди Санкт-Петербург шаҳридан Ўзбекистонга қараб йўлга чиққан.

Маълумот учун, “Афросиёб” поездларини сотиб олиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган.

Унга кўра, 2021 йилнинг декабрига қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи Talgo-250 русумли йўловчи электр поезди ҳамда 4 та “эконом” тоифали вагон харид қилади.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш бўйича манзилли дастурда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ учун жами инвестициялар ҳажми 696,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 939
Рейтинг: 4
t
×