Яна бир “Афросиёб” тезюрар поезди Россиядан Ўзбекистон томон йўл олди
Жамият
−
25 Сентябрь 2021
9375Бугун, 25 сентябрь куни Испаниянинг Бильбао портидан олиб келинаётган “Афросиёб” тезюрар поезди Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Ўзбекистонга йўл олди. Бу ҳақда “Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси Матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Испаниянинг “Patentes Talgo S.L.U.” компанияси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” ўртасида тузилган шартномага биноан жорий йилнинг 16 сентябрь куни “Афросиёб” поездининг яна битта ҳаракат таркиби Испаниянинг Бильбао портидан Россиянинг Санкт-Петербург портига олиб келинган. 25 сентябрь куни эса Москва вақти билан соат 05:00 да электропоезд Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган. Шу билан мамлакатдаги бу турдаги поездлар сони 6 тага етади.
Маълум бўлишича, дастлабки “Афросиёб” замонавий электропоезди 10 йил аввал мамлакатга Испаниядан олиб келинган. Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида бундай замонавий поездлар сони 5 тага етказилган.
Хусусан, жорий йилнинг 21 июль куни Испаниядан олиб келинаётган “Афросиёб” тезюрар поезди вагон ва локомотивлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Ўзбекистонга жўнатилганди.
Маълумот учун, “Афросиёб” поездларини сотиб олиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган.
Унга кўра, 2021 йилнинг декабрига қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи Talgo-250 русумли йўловчи электр поезди ҳамда 4 та “эконом” тоифали вагон харид қилади.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш бўйича манзилли дастурда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ учун жами инвестициялар ҳажми 696,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь