Африка иккига бўлиниши мумкин: янги тектоник чегара излари топилди
Олам
−
14 Май 2541 2 дақиқа
Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка қитъаси келажакда иккига бўлиниб кетиши мумкин. Олимлар айни пайтда Ер тарихидаги энг муҳим геологик жараёнлардан бири – янги тектоник плиталар чегараси шаклланишининг илк босқичларини кузатаётганини айтмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Тадқиқотлар Танзаниядан Намибиягача чўзилган 2500 километрдан ортиқ узунликдаги Кафуэ ёриғи атрофида олиб борилмоқда. Бу ҳудуд Ер қобиғида пайдо бўлган катта ёриқ бўлиб, тектоник ҳаракатлар оқибатида қитъа аста-секин чўзилиб, бўлиниш жараёнига кириши мумкин.
Мутахассислар илгари Кафуэ ёриғини фаол ҳудуд сифатида кўрмаган. Бироқ сўнгги ўн йилликларда кичик зилзилалар, ерости ҳароратининг ошиши ва сунъий йўлдошлар қайд этган ер сатҳидаги ўзгаришлар бу қарашни шубҳа остига қўйган.
“Frontiers in Earth Science” журналида чоп этилган янги тадқиқот бу фикрларни янада кучайтирди. Тадқиқотчилар Замбиядаги иссиқ булоқлар ва геотермал қудуқлардан олинган газ намуналарини ўрганиб, Ер мантиясидан чиқадиган гелий-3 изларини аниқлаган. Оксфорд университети тадқиқотчиси Рута Каролйтенинг айтишича, бу сигнал чуқур геологик жараёнлар фаоллашаётганидан далолат беради.
“Биз қобиқда одатда учрамайдиган даражада кўп гелий-3 аниқладик. Бу мантиядан моддаларнинг юқорига чиқаётганини кўрсатади”, дейди у.
Мутахассислар бундай жараёнлар янги плиталар чегараси шаклланишининг дастлабки белгиси бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Агар бу жараён давом этса, Кафуэ ёриғи келажакда янги тектоник чегарага айланиши эҳтимоли бор.
Бироқ олимлар Африканинг яқин орада бўлиниб кетмаслигини ҳам айтмоқда. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу жараён миллионлаб йиллар давом этади. Дастлаб ҳудудда зилзила ва вулқон фаоллиги кучаяди, кейинчалик эса чуқур ёриқлар кенгайиб, кўллар ва ҳатто янги денгиз пайдо бўлиши мумкин. Келажакда эса бу ҳудуд иқтисодий жиҳатдан ҳам аҳамият касб этиши мумкин. Замбияда геотермал энергия ишлаб чиқариш имкониятлари кенгаймоқда, шунингдек, саноат ва тиббиёт учун муҳим ҳисобланган гелий газини олиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Oлимлар ҳозирча Кафуэ бўйлаб қўшимча тадқиқотлар олиб бориб, жараённинг аниқ кўламини аниқлаш устида ишламоқда.
Live
Барчаси