Афғонлараро музокаралар йўлидаги сўнгги тўсиқ олинди. Ўзбекистон бунга муносабат билдирди

Олам

image

“Толибон” ҳаракати 400 нафар толиб қамоқдан чиқарилгандан кейин Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокаралари ўтказишга тайёрлигини билдирди.

“Бизнинг позициямиз аниқ, маҳкумларни озод қилиш якунлангач, бир ҳафта ичида афғонлараро музокараларга тайёр бўламиз”, деди ҳаракат вакили Сухаил Шахин.

Унинг сўзларига кўра, музокараларнинг биринчи раунди Қатар пойтахти Доҳада ўтказилиши мумкин.

Музокаралар бир ҳафтада бошланиши мумкин

Расмий Кобул вакилининг “Reuters”га маълум қилишича, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ўта хавфли ҳисобланган 400 нафар жангарини озод қилиш ҳақидаги фармонни 10 август куни имзолаган. Тинчлик музокаралари эса бир ҳафта давомида бошланиши мумкин.

Маълумот учун, кеча Афғонистон уруғ оқсоқоллари кенгаши – Лоя Жирғанинг фавқулодда йиғилишида афғонлараро музокараларни ўтказиш учун “Толибон” ҳаракатининг қамоқхонадаги 400 нафар аъзосини озод қилишга қарор қилинган. Президент Лоя Жирғининг 3 мингдан ортиқ аъзоси олдида тегишли фармонни имзолаганини очиқлади. Хавфсизлик миллий кенгаши вакилининг сўзларига кўра, ҳаракат аъзоларини озод қилиш 2 кун ичида бошланади

“Толибон” билан музокаралар учун ҳал қилувчи қадам

Шу вақтгача ҳукумат оғир жиноятлар қилишда айбланган “Толибон” жангариларини озод қилишдан бош тортиб келган. Бир неча кун аввал Ғани бундай қарорни бир ўзи қабул қилолмаслигини, бу масалани Лоя Жирға билан муҳокама қилиши зарурлигини билдирганди.

“Толибон” билан музокаралар ўтказилиши 19 йилдан бери давом этаётган можарога нуқта ясаши мумкин. Бу эса Афғонистонда 40 йилдан бери давом этаётган урушнинг тугаши демакдир.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва “Толибон“ ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди.

Келишувга кўра, афғонлараро маслаҳатлашувлар 10 мартда бошланиши керак эди. Ишончни мустаҳкамлаш чоралари доирасида афғонлараро музокаралар бошлангунга қадар 5000 га яқин толиблар ва радикаллар томонидан ушлаб турилган мингга яқин одам озод қилиниши шарт эди. Ҳозирча юқоридаги талабларни икки томон ҳам тўлиқ бажармади.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ишларида фаол иштирок этаётган Ўзбекистон мазкур қарорни олқишлади.

“Ўзбекистон афғонлараро инклюзив музокаралар олиб бориш йўлидаги сўнгги тўсиқни олишга хизмат қилган 400 толиб-махбусларни озод қилиш тўғрисидаги Афғонистоннинг Маслаҳат Лоя Жирғаси қарорини олқишлайди.

Ўзбекистон томони Доҳада Афғонистон Ҳукумати ва “Толибон” Ҳаракати ўртасида музокаралар жараёни бошланишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва афғон заминида узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида томонлар сиёсий ирода, конструктив ёндашув ва муросага тайёр эканликларини намойиш этишларига умид билдиради. 

Ўзбекистон Республикаси тинчлик жараёнини илгари суришда ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатишда давом этади ва афғон халқига тинч келажак ва фаровон давлат қуришда ҳар томонлама кўмаклашишга қатъиян тайёр эканлигини маълум қилади”, дейилади Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу ҳодисага муносабатида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг