Афғонистондан ўғирланган вертолётлар Украинага тушмаслиги керак – Путиннинг вакили

Олам

image

Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятга келганида собиқ ҳукумат ҳарбийлари Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочган 100 га яқин самолёт ва вертолёт Украинага берилмаслиги керак. Россия Федерацияси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов РИА Новостига берган интервьюсида шундай фикр билдирди.

“Биз учун афғон ҳарбий раҳбарияти ва аскарлари қочаётганда олиб кетган ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига тушиб қолган вертолёт ва самолётлар Украинага кирмаслиги муҳим. ”, деган Кабулов.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистонда 60 га яқин, Ўзбекистонда эса 40-50 чоғли вертолёт ва самолёт бор.

Маълумот ўрнида, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган бўлса, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.

Афғонистонда ҳукумат ағдарилганда афғон учувчилари нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистонга ҳам ҳарбий техникалар билан қочиб ўтган. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашевнинг сўзларига кўра, 2021 йил 21 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 46 та, Тожикистонда эса 18 та самолёт бор эди, улар орасида Ми-17, UH-60 вертолётлари, шунингдек, PC-12, C-208, AC-208 ва А-29 самолётлари бор.

"Толибон" ҳаракати расмий Тошкент ва Душанбега бир неча бор учоқларни қайтариш борасида сўров юборган. Аммо Ўзбекистон томони "Толибон"нинг талаб қилишига қарамай, учоқларни Афғонистонга қайтариш ниятида эмас. Расмий Тошкент техникаларни АҚШга топширишга қарор қилган. Негаки, техникаларни афғон ҳукуматига Вашингтон берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

333

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг