Афғонистондаги барча сценарийларга тайёр бўлишимиз керак – Блинкен
Олам
−
03 Май 2021
3911Америка томони Афғонистондаги воқеаларнинг ривожланишига тайёр бўлиши керак. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен CBS телеканалига берган интервьюсида гапирган.
"Биз барча сценарийларга тайёр бўлишимиз керак. Бунга жуда аниқ кўз билан қараймиз. 20 йилдан бери Афғонистонда ишлаймиз ва баъзида нима учун у ерга борганимизни ҳам эсдан чиқариб қўямиз, бу бизга 11 сентябрь куни ҳужум қилган одамлар билан муомала қилиш мақсадида бўлганди ва биз буни уддаладик", деган Давлат департаменти раҳбари.
Шунингдек, у Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш Афғонистон Ҳукуматини қўллаб-қувватлашни тугатиш дегани эмаслигини таъкидлаган.
"Бизнинг элчихонамиз сақланиб қолади, Афғонистонга иқтисодий, гуманитар ёрдам беришда давом этамиз", дея қўшимча қилган Блинкен.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборган.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди.
14 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилганди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси