Афғонистонда ўзбекистонлик темирйўлчилар ҳужумга учради
Олам
−
21 Август 2020
34670Кеча, 20 август куни Афғонистоннинг Балх вилоятида “Сўғдиёна транс” шўба корхонаси (“Ўзбекистон темир йўллари” тузилмасига киради) вакилларига қуролли ҳужум уюштирилди.
“ATN News” телеканали маълумотига кўра, Балхда номаълум шахслар Ўзбекистон фуқароларининг автомобилига ҳужум қилган. Натижада бир ўзбекистонлик яраланган, Афғонистон ҳарбийси эса вафот этган.
Ўзбекистон фуқароси Хайратон-Ўзбекистон темир йўл лойиҳаси ходими бўлган.
Полициянинг маълумот беришича, отишма Балх вилоятидаги Хайратон қишлоғида юз берган.
Мазкур ҳодисани кеча, 20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов ва Aфғонистон Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Aтмар телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилди.
Ҳаниф Aтмар мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан воқеа тафсилотлари синчковлик билан текширилаётганини ва унга алоқадар шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлади.
Ўзбекистон томони Aфғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўради.
Суҳбат давомида Aфғонистон Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифининг кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Мулуқот давомида энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
LiveБарчаси