Афғонистонда ўзбек тилини сақлаб қолишга ҳисса қўшган адиб вафот этди

Маданият-санъат

image

Шоир, ёзувчи ва журналист, афғонистонлик ўзбеклардан бўлган ижодкор Муҳаммад Олим Кўҳкан 3 сентябрь куни 63 ёшида Америка Қўшма Штатларида оғир юрак касаллиги туфайли вафот этди. Бу ҳақда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида фаолият олиб борувчи тилшунос олим ва публицист Азизуллоҳ Арол хабар берди.

“Дўстимиз Муҳаммад Олим Кўҳканнинг оламдан ўтгани муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва дўстларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Аллоҳ марҳумни ўз раҳматига олсин, руҳи шод, охирати обод, хотиралари мангу яшасин! Фарзандлари ва яқинларига сабр ва матонат ато этсин. Омин!” деб ёзган Арол ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Муҳаммад Олим Кўҳкан 1962 йилда Афғонистоннинг ўзбеклар энг кўп яшайдиган Фарёб вилоятида туғилган. Ўрта мактабни Хўжа Сабзпуш туманида, лицейни Маймана шаҳрида тамомлаган. 1983 йили Фарёб Дорулмуаллимин ўқув даргоҳини, 2016 йилда Қобулдаги Гавҳаршод университетининг ҳуқуқ факультетини тугатган.

Кўҳкан 1981 йилдан “Фарёб” рўзномасида масъул котиб сифатида фаолият бошлаган, кейинчалик бир неча йил бош муҳаррир ва бир муддат Балх вилояти ахборот ва маданият бошқармасига ҳам раҳбарлик қилган. Шунингдек, у Кобулдаги “Ойина” ўзбек телеканали раҳбари ва “Ариана” телеканалининг ўзбек бўлими масъули сифатида ҳам фаолият олиб борган. Афғонистондаги ўзбеклар орасида биринчилардан бўлиб насрда асар ёзган.

Марҳумнинг шеърлари “Фарёб”, “Юлдуз”, “Билги” ва бошқа нашрларда чоп этилган. 1999-2000 йилларда Пешоварда “Човуш” журналининг бош муҳаррир ўринбосари бўлган. Айрим ҳикоялари “Қўрқинчли кунлар” тўпламида чоп этилган. Қолаверса, у “Афғонистон Қалам жамияти”, “Турон” ижтимоий ва маданий жамғармаси ҳамда “Китоб маркази” жамғармаси аъзоларидан бўлган. Зикруллоҳ Ишонч билан ҳамкорликда ёзган “Ўзбек адабияти фарҳанги” китоби 2016 йилда Майманада чоп этилган. Шоирнинг илк тўплами “Афғонистон Қалам жамияти” томонидан, иккинчи шеърий тўплами “Қора кўзларим” эса Қобулда нашр этилган. Шунингдек, у Холид Ҳусайнийнинг “Денгиз дуоси” ва Носир Аҳмад Аҳмадийнинг “Ғазни нигини” асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг кўплаб ижтимоий ва маданий мақолалари турли газеталарда чоп этилган.

Кўҳкан Афғонистоннинг “Толибон”дан аввалги ҳукумати томонидан “Мир Масжиди Хон” мукофоти, шунингдек Қирғизистон ёзувчилар уюшмасининг “Чингиз Айтматов” кўкрак нишони билан тақдирланган.

“Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олгач, у АҚШга кўчган. Марҳум умрини ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини ривожлантиришга бағишлаган. Афғонистон Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти унинг вафотини мамлакат маданий ва медиа жамоатчилиги учун катта йўқотиш сифатида баҳолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йирик маърифатпарвар Жўра Бўтакўз 99 ёшида вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон ўзбек тили “Толибон” Муҳаммад Олим Кўҳкан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг