Афғонистонда сув тошқинлари оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Олам

image

Афғонистонда мавсумий ёмғирлар сабаб бўлган сув тошқинлари камида 33 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда кеча, 14 апрель куни мамлакатдаги муваққат ҳукумат – “Толибон” вакили Абдулла Жанан Сайек маълум қилди.

“Толибон”нинг Афғонистон табиий офатларни бошқариш вазирлигидаги вакили Абдулла Жанан Сайекнинг билдиришича, 12 апрель куни пойтахт Қобулда ва мамлакатнинг бир қанча вилоятларида сув тошқинлари содир бўлган. Оқибатда 33 киши ҳалок бўлган, 27 нафар шахс жароҳатланган. Бундан ташқари, 600 дан ортиқ уй вайрон бўлган, 200 га яқин чорва моллари нобуд бўлган.

“Сув тошқини 800 гектарга яқин қишлоқ хўжалиги экинлари ва 85 километрдан ортиқ йўлларга зарар етказди”, дейди Сайек.

Ўз навбатида, маҳаллий метеорология департаменти яқин кунларда 34 вилоятнинг аксариятида ёмғир ёғиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Прогнозга кўра, энг кўп ёғингарчилик Ғазни, Қобул, Қандаҳор ва Нангарҳор вилоятларига тўғри келади.

AFP агентлигига кўра, 2021 йилда Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, мамлакатга ташқи ёрдам ҳажми пасайиб кетди. Бу табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этишни қийинлаштиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон сув тошқинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг