Афғонистонда совуқ ва очлик туфайли пневмония авж олмоқда
Олам
−
06 Январь 2023
5543Афғонистонда иссиқлик етарли даражада таъминланмагани сабабли совуқ ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида болалар орасида пневмония ҳамда бошқа нафас йўллари касалликларига чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Мамлакатни иқтисодий инқироз қамраб олгани сабабли кўпинча аҳоли орасида озиқ-овқат ва ёқилғи ўртасида танлов қилишга тўғри келмоқда.
Ёрдам агентликларининг таъкидлашича, инқироз янада ёмонлашиши мумкин. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг аёл ходимлари ишлашига тақиқ қўйилиши қиш ойларида 180 дан ортиқ халқаро ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйди.
Бундан олдин ҳам 2021 йилда Толибон ҳокимиятни эгаллаши оқибатида юзага келган иқтисодий зарба Афғонистон ялпи ички маҳсулотининг ўтган йили 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлганидан кейин аҳолининг ярмидан кўпи гуманитар ёрдамга таяниб қолган эди. Афғонистонга хорижий ҳукуматлар томонидан ривожланиш харажатларининг қисқариши, Ғарб санкцияларининг қўлланилиши ва мамлакат марказий банки активларининг музлатилиши банк тизими ишига жиддий тўсқинлик қилди.
“Беморларимиз аввалгига нисбатан кўпайишиниг асосий сабаби – иқтисодиёт”, дейди Қобулдаги “Индира Ганди” болалар шифохонасининг ички касалликлар бўлими бошлиғи Муҳаммад Ориф Ҳасанзай.
Шифохона маълумотларига кўра, ноябрь ойида пневмония, йўтал, астма ва бошқа нафас йўллари касалликлари туфайли 6700 дан ортиқ бола касалхонага ётқизилган. Бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 3700 га кўп.
Афғонистондаги бир нечта шифохонани қўллаб-қувватловчи Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси 2022 йилда пневмония билан касалланган беш ёшгача бўлган болалар сони ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошганини, шунингдек, тўйиб овқатланмаслик болаларнинг иммунитети заифлашишига ҳисса қўшаётганини айтди.
Маълумот ўрнида, бу йил ифлосланиш ҳам кучайган, чунки аҳоли иссиқликни таъминлаш учун кўп миқдорда ахлат ва пластмассаларни ёқишга мажбур бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь