Афғонистонда Покистон Толибони етакчиси ўлдирилди

Олам 12952
image

Покистон ҳарбий кучлари расмийларига кўра, Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятида Покистоннинг “Тахрики Толибон” гуруҳи раҳбари ўдирилган. 

Ҳарбийлар расмийсининг “Al Jazeera”га билдиришича, “Тахрики Толибон”нинг етакчиларидан бири бўлган Холид Балтий гуруҳ матбуот котиби сифатида фаолият юритган вақтида Муҳаммад Хуросоний номи билан танилган. 

Ҳукумат томонидан гуруҳ ҳақида ҳар қандай маълумотни тарқатиш тақиқланганлиги сабабли исми сир қолишини истаган покистонлик ҳарбий "ўлдирилган шахс Холид Балтий эканлиги аниқ", дея билдирган журналистларга. 

Расмийлар гуруҳ раҳбари қай ҳолатда ўлдирилганига аниқлик киритилишини маълум қилишмоқда.

Покистон матбуотига кўра, Балтийни номаълум қуролли шахс отиб ўлдирган, лекин бу ҳақида ҳали аниқ маълумот ҳеч қаерда йўқ. 

Раҳнамосининг ўлими юзасидан “Тахрики Толибон”нинг ўзи ҳам расмий баёнот берган. Баёнотда таъкидланишича, ҳозирда Холид Балтий ўлими юзасидан айбдорни топиш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

“Шуни ёдда тутиш зарурки, ҳозирги кунда Муфтий Холид Балтий “Тахрики Толибонда ҳеч қандай лавозимни эгалламайди ва вазифа бажармайди”, дея қўшимча қилган гуруҳ ўз баёнотида. 

Айтилишича, 40 ёшлар атрофида бўлган Балтийнинг асли келиб чиқиши Покистоннинг шимолидаги Гилгит-Балтистон вилоятидан бўлган. У 2014 йил “Тахрики Толибон”га раҳбарлик қилган Шайх Мақбул даврида гуруҳ матбуот котиби этиб тайинланган. 

Айнан ўша йили Покистон ҳарбийлари “Тахрики Толибон”га қарши хавфсизлик операцияларини бошлагани ортидан гуруҳ раҳнамолари ва аъзолари Афғонистонга қочишга мажбур бўлган.

Маълумот учун, “Тахрики Толибон” Aфғонистонда ҳокимият тепасига келган гуруҳ каби Покистонда ҳукумтга қарши тузилган ҳаракатдир. Ушбу гуруҳ 2007 йилда ташкил топганидан буён Покистонда бир неча қонли ҳужумлар ва тўқнашувларни амалга ошириб келмоқда.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 423
Рейтинг: 2.9
t
×