Афғонистон Россиядан газ ва нефть сотиб олмоқчи
Олам
−
13 Май 2022
7306Афғонистон ҳукумати Россия билан иқтисодий, хусусан, газ ва нефть сотиб олиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда Афғонистоннинг Москвадаги муваққат ишлар вакили Жамол Носир Гарвал маълум қилган.
"Биз бизнес ва молия соҳасида музокаралар олиб бормоқдамиз. Аниқ соҳаларга келсак, биз ёқилғи, газ сотиб олишдан манфаатдормиз, бу биринчи навбатда мамлакатимизга керак", дейди Гарвал.
Шунингдек, у расмий Қобул Москва билан аниқ келишувларга эришиш ва имзолаш ниятида эканлигини қўшимча қилган.
"Биз ТАПИ лойиҳаси бўйича ишлар давом этишини, лойиҳа доирасидаги ҳамкорлигимиз давом этишини жуда хоҳлаймиз. Айни пайтда буни хоҳлаётганлар жуда кўп", дея хулоса қилган Гарвал.
Маълумот учун, TAPI қувури (Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон) қурилиши 2015 йил декабрь ойида бошланган. Лойиҳага кўра, унинг узунлиги 1 814 километр, қуввати эса йилига 30 миллиард куб метр табиий газга етказилади. Газ қувурининг Афғонистон ҳудудидан ўтиши керак бўлган қисми ички сиёсий зиддият туфайли ҳар доим энг муаммоли бўлиб келган. Шунга қарамай, “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин улар лойиҳани давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Маълумот ўрнида, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган бўлса, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь