Афғонистон аэропортлари хавфсизлиги БАА компанияларига юкланди

Олам 2997
image

“Толибон” муваққат ҳукумати Афғонистондаги тўртта аэропорт хавфсизлигини таъминлаш бўйича БАА компанияси билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматининг Транспорт ва авиация вазирлиги хабар берди.

Келишув доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг “GAAC” ва “G42” компаниялари Қобул, Ҳирот, Қандаҳор ва Мозори Шариф аэропортлари хавфсизлиги учун жавобгар бўлади.

“Толибон” муваққат ҳукумати халқаро ва маҳаллий авиакомпаниялар хавфсизлигини кафолатлаш ва яхшилаш мақсадида “GAAC Solutions” компанияси билан 18 ойга мўлжалланган ҳаво портлари ва йўловчилар хавфсизлиги бўйича битим тузди. 

Аввалроқ, 24 май куни “Толибон” муваққат ҳукумати қошидаги Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлиги “GAAC Solutions” компанияси билан Қобул, Ҳирот ва Қандаҳор аэропортларига ерда хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолаган эди.

Афғонистондаги стратегик аҳамиятга эга бўлган “Қобул Ҳамид Карзай” аэропорти фаолиятини тўғри йўлга қўйиш толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан буён кун тартибидаги муҳим масалалар қаторига кирган эди.

Эслатиб ўтамиз, юздан ортиқ самолётни жойлаштиришга қодир ва энг йирик ҳарбий базалардан бири бўлган Қобул аэропорти ички ва халқаро рейслар учун одатий режимда ишламоқда.

 

Иброҳимжон Ғаффоров

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 3
t
×