Афғон генерали “Толибон”га қарши бош кўтаришни режалаштирмоқда. У Украинани ҳам огоҳлантирди

Олам 45071
image

Афғон армиясининг собиқ генерали ва бошқа кўплаб собиқ аскарлар ҳамда сиёсатчилар “Толибон”га қарши янги уруш бошлашга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Хорижда яшаётган генерал-лейтенант Сами Садатнинг айтишича, саккиз ойлик “Толибон” ҳукмронлиги, кўплаб афғон фуқароларини ҳарбий ҳаракатлар ушбу зулматга барҳам беришнинг ягона йўли эканига ишонтирган. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий операциялар келаси ой, Ҳайит байрамидан сўнг, у Афғонистонга қайтишни режалаштирган пайтда бошланиши мумкин. 

“Афғонистон “Толибон”дан озод бўлиши ва демократик давлат тузуми қайта тикланиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз… озодлигимизни қўлга киритмагунимизча, эрк-иродамиз қўлга киритилмагунича курашни давом эттирамиз”, дейди Сами Садат.

Генерал Садат “Толибон” ҳукумати тобора қаттиққўл бошқарувни, жумладан, аёллар ва қизлар ҳуқуқларига нисбатан ноинсоний чекловларни қайта жорий қилаётганини таъкидлаб, уларнинг авторитар тузумини тўхтатиш ва янги саҳифани бошлаш вақти келганини айтди.

“Саккиз ойлик “Толибон” ҳукмронлиги даврида Афғонистонда кўрганимиз нима бўлди: диний чекловлар, Қуръони Карим ёзувларидан келтирилган нотўғри иқтибослар, нотўғри талқин қилиш ва сиёсий мақсадларда улардан нотўғри фойдаланишдан бошқа нарса эмас эди”, дейди генерал.

Садат дастлаб “Толибон”га улар ўзгариши мумкинлигига ишониб, 12 ой вақт беришни режалаган. 

“Афсуски, сиз уйғонган ҳар куни “Толибон”нинг янги “иши” бор: одамларни қийноққа солиш, уларни ўлдириш, ғойиб бўлиб қолиши, озиқ-овқат тақчиллиги, болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги”, дейди у 

Унинг сўзларига кўра, ҳар куни афғонлардан бу борада нимадир қилишини сўраган юзлаб хабарлар келган.

Аммо 40 йилдан ортиқ давом этаётган можаролар туфайли парчаланиб кетган мамлакатда аксарият афғонлар урушдан чарчаган, кетишни истайди ёки тубсиз жарликка қараб бораётган иқтисодий инқироз шароитида омон қолиш учун курашяпти.

Сўнгги ҳафталарда оммавий ахборот воситаларида генералнинг Афғонистонни “қайта озод қилиш” мақсадида “Толибон”га қарши қуролли кураш ҳақида сўзлаган аудиомурожаати тарқалди. 

Ўтмишда қуролли гуруҳлар, жумладан, “Толибон” ҳам қўшни давлатлар кўмаги, мамлакатдаги ўрни ва чет эл маблағлари билан афғон урушларида ғалаба қозонган. Генерал-лейтенант Садатнинг иттифоқчиларини ва тузилаётган бошқа кўплаб қуролли гуруҳларни иқтисодий-ҳарбий жиҳатдан таъминлаб турилгани ҳозирча аниқланмаган. Айни дамда, бир нечта ҳарбий гуруҳлар “Толибон”ни қувиб чиқариш мақсади билан бирлашган, лекин улар ҳам этник жиҳатдан бўлинган ва фақат ўз қўмондонларига содиқ ҳисобланади.

Генерал-лейтенант Садатнинг айтишича, у Миллий қаршилик фронти (National Resistanse Front) деб номланувчи энг кўзга кўринган гуруҳлардан бири билан алоқада бўлган. Ташкилот етакчиси марҳум афсонавий қўмондон Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд ҳисобланади.

“Мен биродарим Аҳмад Масъуд билан алоқадаман ва биз унинг ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз”, дейди у ўзининг сизиб чиққан мурожаатида. Унинг сўзларига кўра, унда хорижлик қўллаб-қувватловчилар йўқ ва уларни изламаяпти ҳам. Ўзининг ўттиз етти баҳорини кўрган собиқ афғон армиясининг харизматик ва энг ёш генерали – Лондонда ва кўплаб Ғарб ҳарбий академияларида таҳсил олган. 

Аммо Садатнинг фикрича, улар порахўр афғон сиёсатчилари ва АҚШ сиёсати туфайли муҳим паллада панд еган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан тартибсиз равишда олиб чиқилиши Американинг заифлигини кўрсатди ва Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириш қарорига олиб келди. АҚШ бошчилигидаги НАТО қўшинининг тартибсиз равишда мамлакатдан чиқиб кетиши танқид қилинди ва “Толибон” нега бунчалик тез муддатда бутун Афғонистон устидан назоратни қўлга киритди деган саволлар пайдо бўлди.

Генерал-лейтенант Садат қўшинларнинг олиб чиқилиши Афғонистон учун ёмон оқибатларга олиб келганини айтади, бироқ у Ғарб ҳарбий қўмондонларини эмас, балки НАТО мамлакатларидаги сиёсатчиларни, энг аввало, АҚШ Президенти Байденни айблайди.

“Бу биз фахрланадиган ёки хурсанд бўлиб қоладиган якун эмас”, дейди у. 

Ўз навбатида, Садат Украинанинг Россияга қаршилик кўрсатаётганлигидан ҳайратда эканлигини билдиради. Уларга ҳам куни келиб НАТО панд бериши мумкинлигидан огоҳлантиради.

“Менимча, улар (украинлар назарда тутилмоқда) ўзларига тегишли ерни жуда яхши ушлаб туришмоқда. Лекин, мен уларга, биласизми, ўзларига кўпроқ ишонишларини айтаман, чунки НАТО ва бошқа мамлакатларнинг доимий ёрдами тўхтаб қолиши мумкин. Умид қиламанки, украинларга ёрдам давомий бўлади”, дейди афғон генерали.

Сардор Бегалов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1575
Рейтинг: 2.9
t
×