АЭС реакторлари хавфсизлиги бўйича янги қоидалар белгиланди
Local
−
13:06 237 2 minutes
Адлия вазирлиги томонидан Атом электр станцияларидаги реактор қурилмаларининг ядровий хавфсизлик қоидалари давлат рўйхатидан ўтказилди. Унда реактор қурилмаларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишда хавфсизликни таъминлаш, аварияларнинг олдини олиш, шунингдек, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича талаблар белгиланган. Ҳужжат 2026 йил 5 ноябрь куни 3967-сон билан рўйхатга олинган.
Ҳужжатга кўра, атом электр станцияси қурилиши бошлангунига қадар реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши лозим. Уларда хавфсизлик учун муҳим тизимлар, уларнинг ишончлилик кўрсаткичлари, хизмат муддати ва техник ҳолатини назорат қилиш воситалари белгиланиши керак.
Лойиҳа ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмасдан реактор қурилмаси ва хавфсизлик учун муҳим тизимларнинг таркиби, конструкцияси, техник тавсифлари ҳамда атом электр станциясини эксплуатация қилиш шартларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Авариялар юз берганда радиоактив моддаларнинг атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда аҳоли саломатлигига кўрсатиши мумкин бўлган таъсири олдиндан ўрганилиши керак. Шунингдек, уларнинг олдини олиш ва таъсирини камайтириш чоралари назарда тутилади.
Хавфсизлик учун муҳим тизимлар тайёрлаш, монтаж қилиш ва созлаш жараёнида назорат ҳамда синовлардан ўтказилиши, эксплуатация даврида эса даврий текширувлардан ўтказиб борилиши шарт.
Атом электр станцияси блокини энергия ишлаб чиқариш режимига олиб чиқишда қувват босқичма-босқич оширилади. Ҳар бир босқичда режалаштирилган синовлар ўтказилиб, уларнинг натижалари таҳлил қилинади.
Ядровий хавфли ишлар реактор қурилмаси тўхтатилган ҳолатда, хавфсизлик чоралари ва масъул шахс кўрсатилган махсус ишчи дастур асосида амалга оширилиши лозим.
Бундан ташқари, ходимларни авария олди вазиятлари ва аварияларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мақсадида аварияга қарши машғулотлар ўтказилади.
Live
All