Аёлларга тадбиркорлик масаласида ёрдам кўрсатувчи янги марказлар тузилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари кўмагида нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари”ни (кейинги ўринларда марказлар деб юритилади) ташкил этиш белгиланди.

Қуйидагиларни марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилаш таклиф этилди:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш;

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш;

аёлларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш, шу жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини танлаш ва қўллаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;

зарур ҳолларда, фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш;

тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ишончли ҳамкорларни топиш, минитехнологиялар ва ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишига кўмаклашиш;

норасмий фаолият юритаётган ҳунарманд аёлларга рўйхатдан ўтиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг