Адолат талаб қилган одамларни террорист дейиш, авторитар раҳбарларни оқлаш дегани – Баҳриев
Жамият
−
13 Январь 2022
10140Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатларда одамларнинг рад этилган манфаатлари бор. Одамлар ҳокимиятда, судларда адолатни кўрмади. Халқ газнинг қимматлиги, электр тўкининг йўқлигидан кўчага чиқса, уларни террорист, деб аташ авторитар раҳбарларни ҳимоя қилиб қолади. Бу ҳақда журналист ва сиёсий шарҳловчи Карим Баҳриев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида гапирди.
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Аммо намойишлар кўлами кенгайиб, мамлакатнинг энг йирик шаҳарлари аҳолиси ҳам оёққа турди. Энг юқори тебраниш Олма-отада кузатилди.
Ҳукумат намойишчиларни террорист дейишни бошлади ва қўлга олинганлар орасида халқаро террористик гуруҳларга алоқадорлар борлигини маълум қилди. Бироқ бу тахминлар ҳозирча исботини топгани йўқ. Бу орада Ҳукумат намойишларни теракт дейишдан қочиб, “фоижали воқеа” дейишга ўтди. Бу орада Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Масимов ва унинг ўринбосарлари ишдан олдинди. Ҳозирда улар давлатга қарши тўнтаришда айбланмоқда.
Карим Баҳриевга кўра, ўз ҳаққини талаб қилиб кўчага чиққан ва адолатсизликдан толиққан халқни террорчига чиқариш тўғри эмас.
“Қозоғистонда ҳақиқатан ҳам халқаро террористлар бўлса, шубҳасиз уларга қарши курашиш керак. Лекин “пўчоғини данагидан ажратиш керак”, деган гап бор. Халқаро террористлар бўлса, нормаль тергов ўтказиб, аниқлаш лозим. Ким бўлган, нимага келган, қаердан таъминланган ва бу жараён шаффоф бўлиши лозим. Ғарб деб гумон қилиняптими, Ғарбнинг экспертларини қўйиш керак бу терговларга. Ўз кўзи билан кўрсин. Террористиклик, қонхўрлик бўлса, уларга чора кўришга ҳеч ким қарши эмас. Лекин шу мамлакатнинг халқи жуда норози эканлигини тан олиш лозим. Бу муаммоларни ҳам ечиш керак”, дейди журналист.
Маълумки, намойишлар қуролли ҳаракатларга айланиб кетган бир вақтда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши бошқарувини қўлига олди ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўради. Баҳриевга кўра, Тўқаев мамлакатда икки бошлилик сиёсати, хусусан Назарбоев таъсиридан чиқиб, Россия таъсирига тушди.
“Янги Президент эскисининг таъсиридан чиқиб, Россиянинг таъсирига тушди. Энди газ шартномаларини “Газпром” билан тузса, ажаб эмас”, дейди Баҳриев.
Унинг қайд этишича, халқ ўзининг хаққини талаб қилиб кўчага чиқса, ундан фойдаланиб қоладиган террористлар бор.
“Миллат сифатида ўсишимиз керак, кўпроқ ўқишимиз зарур. Кўзимиз очиқ бўлиши лозим. Суверенитетимизга хавф пайдо бўлганида бирлашишимиз зарур. Олдимизда “халқ одамдай яшаши, давлатимиз дунё ҳавас қиладиган мамлакат бўлсин”, деган мақсад туруши керак”, дейди Карим Баҳриев.
Журналист Карим Баҳриев билан видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси