“Адолат” СДП болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада такомиллаштириш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш, ювенал адлия тизимини йўлга қўйиш ташаббускори
Жамият
−
27 Сентябрь
1109Бугунги кунда ювенал адлия вояга етмаганларга нисбатан юритилаётган одил судловнинг умумеътироф этилган халқаро стандарти ҳисобланади. Шу боис “Адолат” СДП мамлакатда мазкур институтни жорий этиш вақти келди, деб ҳисоблайди.
Ювенал адлия (Juvenile Justice) – болалар ҳуқуқбузарлиги, содир этганлиги учун болаларни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин жиноят турлари ва судлар ҳуқуқбузар болалар учун мўлжалланган муассасалар томонидан болаларга қилинадиган муомала усуллари ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш йўллари каби мавзулар қамраб олинадиган кенг тушунчадир.
Ювенал адлия замирида:
- айбсизлик презумпцияси;
- вояга етмаган шахс қўлга олинган захоти ота-онаси ёки васийни ҳозир бўлиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ота-онани зудлик билан хабардор қилиш;
- суд процесси бошланмасдан аввал уларни имкони бўлса, ҳибсга ушлаб турмаслик;
- вояга етмаган шахснинг жисмоний ва руҳий соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган жисмоний жазо усулларининг қаттиқ, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни оёқости қиладиган барча тарбиявий усулларнинг тақиқланиши ва бошқа шу каби тамойиллар ётади.
Ўзбекистонда ювенал адлия тизимини тўлақонли йўлга қўйиш учун қатор муаммолар мавжудлигини қайд этиш керак. Улар вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган судларни ташкил этиш ишлари якунига етмагани, бу борада давлат органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилмагани ва бошқа тузилмалар билан ўзаро тизимли ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилмагани, ихтисослашган адвокатлик ва ижтимоий ходимлар корпусининг шаклланмагани ҳамда ювенал адлия соҳасида кадрлар тайёрлашнинг тўлақонли тизими яратилмагани билан изоҳланади.
Бугунги кунда 60 дан ортиқ давлатларда (масалан, Франция, Япония, Польша) ювенал адлия институти мавжуд.
Шулардан келиб чиққан ҳолда “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатда болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада такомиллаштириш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш, ювенал адлия тизимини йўлга қўйишни таклиф этмоқда.
Партия, шунингдек, ювенал адлия тизими учун ташкиллаштирилган, махсус тайёргарликдан ўтган ва зарур ресурслар билан таъминланган инфратузилма – вояга етмаганлар ишлари бўйича одил судловни амалга оширадиган зарур орган ва ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйиш лозимлигига ҳам эътибор қаратган.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жиноят иши қўзғатилганидан тортиб суд қарорлари ижросигача бўлган бутун жараёнда ҳимоя қилиш мақсадга мувофиқлиги ҳам диққатни тортади.
Партиянинг мазкур ташаббуси жамиятда қонунийлик, адолатлилик, инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
LiveБарчаси