“Адолат” партияси истироҳат боғларини хусусийлаштиришни тақиқлашни таклиф қилмоқда

Жамият

image

“Адолат” партияси истироҳат боғларини хусусийлаштиришни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Бу Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ХII қурултойида тасдиқланган сайловолди дастури ташаббусларидан биридир.

“Адолат” социал-демократик партиясининг бошланғич партия ташкилотлари сони 2024 йилга келиб саккиз мингдан ошди. Партия сиёсий майдонда ўзини “чап марказ” сифатида кўрсатмоқда, шунинг учун ўзининг сайловолди дастурини “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номлаган. Дастурда суд-ҳуқуқ соҳаси, соғлиқни сақлаш, таълим ва фан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ташқи ва ички сиёсатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сайловолди дастурида давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида олинган даромадларни адолатли тақсимлаш, фуқароларнинг даромадларига мутаносибликдан келиб чиққан ҳолда, жарималар ва бошқа ҳуқуқий чоралар миқдорини белгилаш, уларнинг кескин табақаланишига йўл қўймаслик каби долзарб масалалар ўз аксини топган.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилотлари” мақомидан нотижорат ташкилотларга ўтказиш, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги яширин тил бириктирганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши устидан назоратни кучайтириш, самарали қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш каби соҳалардаги муаммоларнинг ечимларига алоҳида эътибор қаратилган.

Эътиборлиси, судьялар ҳуқуқлари кафолатларини юқори даражада таъминлаш ва иш юкламасини оптималлаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш каби ғоялар илгари сурилди. Бундан ташқари, истироҳат боғлари ва байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларни хусусийлаштиришни тақиқлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун светофорларга махсус овозли мосламаларни ўрнатиш каби таклифлар илгари сурилди.

Қурултой якунида, бир мандатли мажоритар сайлов округлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 75 нафар, партия рўйхати бўйича 100 нафар номзодлар рўйхати тасдиқланган. Муҳими, номзодларнинг 45 фоизини аёллар ташкил этгани мамлакатимизда олиб борилаётган гендер тенглик сиёсатига қанчалик эътибор қаратилаётганлигини кўрсатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг