Умумий овқатланиш соҳасида бир қатор муаммолар аниқланди

Жамият

image

Адлия вазирлиги умумий овқатланиш соҳасига оид бир қатор муаммоларни аниқлади.  Муаммоларни ўрганиш давомида давлат идораларининг статистик ва бошқа маълумотлари ҳамда 2,1 мингдан ортиқ умумий овқатланиш корхоналари вакиллари ўртасида ўтказилган сўровлар натижалари таҳлил қилинган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Биринчидан, соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ва қоидалар эскирган, бизнес юритиш амалиётига мос келмайди. Масалан, ресторан тозалаш, таъмирлаш ва шу кабилар ишлар учун ёпилишидан бир ҳафта олдин бу ҳақда эълонни осиб қўйиши керак. Буни бажармаса 2 млн сўм жаримага тортилади.

Иккинчидан, солиқ юкининг юқорилиги умумий овқатланиш корхоналарининг 61 фоизини солиқдан қочишга ундамоқда. 

“Шунингдек, кўп солиқлар тўлаш ўз-ўзидан улар билан боғлиқ солиқ маъмуриятчилигини ҳам мураккаблаштирмоқда: корхона 6 хил вақтда солиқларни тўлаши ва 5 хил вақтда солиқ ҳисоботларини тақдим этиши лозим. Шу сабабли, умумий овқатланиш хизматлари фаолиятини бошлашда респондентларнинг деярли 1/3 қисми солиқ қонунчилигини тушуниб олишда қийналган. Мазкур омиллар эса, ўз навбатида соҳадаги яширин иқтисодиётнинг улуши юқори (30-40 фоиз) бўлишига олиб келмоқда”, дейилади хабарда.

Учинчидан, текшириш ўтказиш ҳолатлари жуда кўп. Умумий овқатланиш корхоналарини 10 дан ортиқ давлат идоралари (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати, меҳнат, ички ишлар органлари, коммунал хизматларни кўрсатувчи корхоналар ва б.) доимий безовта қилади. Уларни энг кўп текширувчи 3 та идоралар (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати) томонидан 2020-2021 йилларда 8 мингга яқин текшириш ўтказилган. Яъни, ҳар йили ўртача 14,5 фоиз умумий овқатланиш корхоналари текширилган.

Тўртинчидан, текширишлардаги коррупция ҳолатлари. Фаолиятга оид қонун-қоидалар мураккаб ва текширувчилар кўп бўлиши коррупцияга йўл очиб бермоқда.

“Масалан, респондентларнинг 26,4 фоизи (905 нафар) солиқ, 20,3 фоизи (697 нафар) санитария ва 11,3 фоизи (387 нафар) ёнғин назорати органларида коррупция ҳолатларига дуч келишганини, шунингдек, коррупциянинг энг кўп тарқалган тури давлат органлари ходимларига бепул хизмат кўрсатиш эканлигини таъкидлашди”, дейилади вазирлик таҳлилида.

Бешинчидан, инфратузилма объектларига уланиш ва уларда бўладиган узилишлар. 63,4 фоиз умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини бошлашда инфратузилма объектлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган. Таъминотдаги узилишлар ҳам улар учун одатий ҳол бўлиб қолмоқда. Жумладан, респондентларнинг 36,3 фоизи (766 нафари) сув таъминотида, 35,2 фоизи (742 нафари) газ таъминотида, 28,5 фоизи (602 нафари) электр таъминотида қийинчиликларга йўлиқишмоқда.

Олтинчидан, ишчиларни норасмий ёллаш. Одатда, ресторан, кафе ва ошхоналарда ошпаз, официант, фаррош каби ишчиларни меҳнат шартномаси тузмасдан оғзаки келишув билан ишга олади.

“Сўровда иштирок этган корхоналар ўз ишчиларига ойига ўртача 1,8 млн сўм иш ҳақи тўлаб келаётганлигини инобатга олсак, улардаги норасмий бандлик туфайли давлат бюджетига 1,6 трлн сўмлик (ижтимоий ва даромад солиқлари) қўшимча пул тушмасдан қолган дейиш мумкин”, дейилади келтирилган хабарда.

Вазирликнинг қайд этишича, келтириб ўтилганлар асосий муаммолар ҳисобланиб, бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналар олдида яна бошқа тўсиқлар ҳам бор (озиқ-овқат маҳсулотлари учун нақд пулга эҳтиёжи баланд, ижара харажатлари ва ҳ.к.).

“Мазкур муаммолар соҳанинг тўлиқ потенциал билан ривожланишига салбий таъсир этиб келмоқда. Шу билан бирга, туризм соҳасида катта марраларни олдимизга қўймоқдамиз. Умумий овқатланиш хизматларининг сифати ва ривожланганлиги хорижлик сайёҳларни албатта эътиборини жалб этади! Умумий овқатланиш соҳасидаги мавжуд муаммолар эса „занжир эффекти“ билан туризмнинг ривожини ҳам секинлаштиради”,  дейилади таҳлилда.

Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга тақдим этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

107

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг