Адлия вазири 500 минг сўм пора олган шифокор ҳақидаги гапига изоҳ берди
Жамият
−
01 Апрель 2023
11002Адлия вазири Акбар Тошқулов шу йилнинг 28 март куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда айтган гапларига изоҳ бериб, айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унинг сўзларини нотўғри талқин қилганини айтиб ўтди.
Гап шундаки, Тошқулов журналистлар билан мулоқотда бир саволга жавоб бериб, нима учун 500 минг сўм пора олган шифокор 5 йилга, давлат мулкини талон-торож қилган ҳоким 3 йилга қамалишини тушунтирар экан, порахўрлик жинояти кичкина сумма бўлса ҳам санкция жиҳатидан юқори туришини, масалан, битта шифокор "100 минг сўм олиб келмасанг, операция қилмайман", деса унинг оқибати юқорироқ бўлиши ва жамиятга ҳам таъсири катта бўлишини таъкидлаганди.
Унинг айнан шу изоҳи кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Вазир кеча, 31 март куни ўзининг Facebook саҳифасида юқоридаги гапи нотўғри талқин қилинганини ёзди. Унда Тошқулов журналистнинг саволига берилган жавобида аниқ суд ҳукмига эмас, қонунчиликдаги жазони белгилашга асос бўладиган мезонларга тўхталганини маълум қилган. Хусусан, таъмагирлик йўли билан пора олиш учун (суммасидан қатъий назар) жазонинг нима учун юқори берилишини ҳаётий мисол билан тушунтириб берганини таъкидлаган.
Акбар Тошқуловга кўра, журналист мисол келтирган биринчи жиноят, яъни, кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмига кўра, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 300 бараваридан 600 бараваригача жаримага ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлиши мумкин. Бунда етказилган зарар қопланганида озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги мумкин. Иккинчи ҳолатда, яъни, таъмагирлик йўли билан пора олиш учун эса Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми билан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилаб қўйилган.
Вазир ушбу ҳолатда баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари интервью контексидан юлинган нотўғри маълумотни тарқатаётганини иддао қилган.
"Афсуски, айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари журналист саволидан қонунчиликда белгиланган жазога муносабат билдириш қисмини тушириб қолдириб, “Вазир нега 500 минг сўм пора олган шифокор 5 йилга давлат пулини талон-торож қилган ҳоким эса 1 йилга қамалганига изоҳ берди”, деган мавзу билан нотўғри (контексдан юлинган) маълумот тарқатишмоқда", деб ёзади у.
Шунингдек, Тошқулов саҳифасига ўша кунги суҳбат видеосини жойлаган.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь