Абу-Дабида дрондан уюштирилган ҳужум уч кишининг ўлимига сабаб бўлди
Олам
−
17 Январь 2022
9011Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабидаги халқаро аэропортга дрон орқали уюштирилган ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлди ва ёнилғи омборида ёнғин келиб чиқди.
БАА полициясининг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг икки нафари ҳиндистонлик ва бири покистонлик муҳожирлар бўлган.
“Учта ёнилғи резервуарини портлашига кичкина учар жисм уюштирган ҳужум сабаб бўлган”, дейилади полиция берган баёнотда.
Бундан ташқари, асосли далилларга таяниб маълум қилинишича, ҳужум Яманнинг “Ансоруллоҳ” (Ҳутийлар) жангари гуруҳи томонидан амалга оширилган.
Маълумот учун, Яманда 2014 йилдан буён Саудия Арабистони қўлловидаги коалиция ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳутийлар ҳаракати ўртасида тинимсиз тўқнашувлар амалга ошириб келинади.
Бундан аввал ҳутийлар гуруҳи Ямандаги араб давлатлари коалициясини қўллаб-қувватлаб келувчи Саудияга ҳужум қилган эди. Улар 2021 йил 25 декабрь куни Саудия-Яман чегарасидаги ҳудудни снаряддан ўққа тутган. Ҳужум тинч аҳоли орасидан 2 кишининг ўлимига сабаб бўлган эди.
Саудияда уюштирилган қўпорувчиликдан сўнг Ҳутийлар араб ҳарбий коалициясини қурол-яроқ билан таъминлайдиган Бирлашган Араб Амирликлари ҳарбий базасига ҳужум қилиш билан таҳдид қилган.
Яманда ҳукумат ва қўпорувчи гуруҳлар ўртасида юзага келган тўқнашувлар оқибатида 2014 йилда ҳукумат аъзолари мамлакат пойтахти Санони ташлаб қочишга мажбур бўлган. Шундан сўнг ҳокимият ҳутий исёнчилар гуруҳи томонидан эгаллаб олинган. 2015 йилда Саудия Арабистони қўллаб-қувватлови остидаги ҳарбий коалицион гуруҳ ва ҳутийлар ўртасида қонли тўқнашувлар бошланган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси