Абрамовичдан “Челси”ни сотиб олишга даъвогарлар рўйхати маълум қилинди
Спорт
−
26 Март 2022
20760Тодд Боэли, Жош Харрис ва Рикеттслар бошчилик қиладиган, 3 та инвесторлар консорциуми Лондоннинг “Челси” футбол клубини сотиб олиш учун таклиф билан чиққан. Аризалар биринчи назоратдан ўтказилгандан сўнг, улар “аристократлар” учун курашни давом эттирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Агентликнинг таъкидлашича, бошқа даъвогарлар ҳам юқоридаги консорциумлар билан рақобатлаша олади. Чунки “Челси”ни сотиш билан шуғулланувчи “Raine” банки ҳали ҳам клубни сотиб олиш бўйича таклифларни кўриб чиқмоқда. “Raine”нинг ўзи ҳозирча клубни сотиб олиш учун номзодларнинг номини очиқлагани йўқ. Фақат рад этилган аризалар ҳақидагина маълум қилмоқда.
“Bloomberg” юқоридаги 3 та инвестиция консорциумига кимлар киришини ҳам маълум қилган: америкалик бизнесмен Тодд Боэли бошчилик қиладиган консорциумига Жонатан Голдштейн ва швейцариялик миллиардер Хансёрг Бисс киради. “Chicago Cubs” бейсбол жамоаси эгалари Риcкеттслар оиласи “Челси”ни сотиб олиш учун “Citаdеl” инвестиция фонди асосчиси Кен Гриффин билан ҳамкорлик қилaди. Бир нечта Америка футбол клубларининг асосчиларидан бири ва “Apollo Global Management Inc” инвестициялар бошқаруви компанияси раҳбари Харрис эса “British Airways”нинг собиқ раҳбари Мартин Броутон ва “Sakramento” асосчиларидан бири Вивек Ранадиве билан биргаликда “Челси”ни сотиб олиш учун мурожаат қилган.
Мурожаатлар мураккаб мезонлар тизими бўйича баҳоланади. Клубнинг харидори Англия Премьер лигаси (АПЛ) расмийларининг ҳам розилигини олиши керак бўлади. Буюк Британия ҳукумати эса “Челси”нинг имкон қадар тезроқ сотилишини хоҳламоқда.
“Челси” 2003 йилдан бери россиялик тадбиркор Роман Абрамовичга тегишли. 2022 йил февраль ойи охирида у клубни бошқариш ваколатларини “Челси” хайрия жамғармасининг васийлар кенгашига топширганини эълон қилди. 2 март куни эса Абрамович жамоани сотиш ниятида эканлигини маълум қилди. Шу билан бирга, миллиардер клуб сотувидан тушган барча пуллар Украинадаги жанговар ҳаракатлардан жабрланганларга ёрдам беришга йўналтирилишини таъкидлаган эди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15