Абрамович “Челси” сотилгани юзасидан баёнот берди

Спорт 9936
image

Россиялик миллиардер Роман Абрамович “Челси”нинг америкалик тадбиркор Тодд Боели консорциумига сотилганидан кейин баёнот берди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

“Мен “Челси”ни сотиш ниятида эканлигимни эълон қилганимга деярли уч ой бўлди. Бу вақт ичида “Челси”га тўғри келадиган эгани топиш учун астойдил ҳаракат қилдим. Мендан кейин келадиган хўжайин клубни кейинги босқичга муваффақиятли олиб чиқиш учун етарли салоҳиятга эга бўлиши зарур эди”, деган Абрамович.

Абрамовичнинг қўшимча қилишича, “Челси”нинг янги хўжайинлари эркаклар ва аёллар жамоасини ривожлантиришга қаратилган фикрлаш тарзига эга бўлиши керак.

“Бу клубга эгалик қилиш катта масъулиятни талаб қилади. Мен “Челси”га 20 йил олдин келган эдим. Бу вақт мобайнида жамоа нималарга эриша олишини ўз кўзим билан кўрдим. Менинг мақсадим кейинги хўжайинлар эркаклар ва аёллар жамоаларининг муваффақиятини таъминлайдиган фикрлаш тарзига эга бўлсин. Шунингдек, клубнинг бошқа муҳим жиҳатларини, масалан, академия ва унинг ҳаётий фаолиятини ривожлантиришни давом эттириш истаги ва иштиёқи устувор вазифа бўлиши керак” деган россиялик тадбиркор.

Шунингдек, миллиардер жамоада ўзи билан бирга ишлаган барчага миннадорлик билдирган. 

“Челси”ни янги хўжайинларига топширар эканман, уларга майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам муваффақиятлар тилайман. Ушбу клубнинг бир қисми бўлиш – бир умрлик шараф. Мен барча собиқ ва ҳозирги футболчиларга, ходимларга ва “Челси” мухлисларига ушбу ажойиб йиллар учун раҳмат айтмоқчиман”, дея якунланади Абрамовичнинг баёноти.

Маълумот ўрнида, Абрамович қарийб 20 йилдан бери “Челси”га эгалик қиларди. Россиялик миллиардер клубни 2003 йилда тахминан 190 миллион долларга сотиб олган. 2021 йилда Американинг “Forbes” журнали унинг қийматини 3,2 миллиард долларга баҳолаган – у дунёнинг энг қиммат футбол клублари рўйхатида еттинчи ўринни эгаллаган. Ўтган йиллар давомида россиялик миллиардернинг тузилмалари “Челси”га умумий қиймати 2 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратган.

 

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 330
Рейтинг: 3
t
×