Абрамович “Челси” борасида Британия ҳукумати билан келишувга эришди

Спорт 7509
image

Англиянинг “Челси” клуби хўжайини миллиардер Роман Абрамович Буюк Британия ҳукумати билан клубни сотиш учун зарур бўлган барча қонуний расмиятчиликлар бўйича келишиб олди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди

Манбага кўра, Абрамовичнинг адвокатлари ва ҳукумат клубнинг россиялик функционер олдидаги 2 миллиард евролик қарзи бўйича бир тўхтамга келган.

Абрамович “Челси”ни сотувга қўйгандан сўнг, дарҳол қарзларини қопламоқчи бўлган, бироқ Буюк Британия ҳукуматининг санкциялари сабабли Абрамовичнинг барча активлари музлатилганлиги учун “Челси”нинг сотуви жуда узоқ давом этган.

Қайд этиш жоизки, бир ҳафта олдин “Челси” клубни америкалик миллиардер Тодд Боули бошчилигидаги консорциумга сотиш бўйича келишув имзоланганига қарамай, ҳукумат билан 2 миллиард евро (1,6 миллиард фунт стерлинг) миқдоридаги кредит тақдири бўйича музокаралар тўхтаб қолган эди. Орада Абрамович “Челси”га берган қарзларидан воз кечиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ россиялик тадбиркорга яқин инсонлар Абрамовичнинг қарзлардан воз кечиш нияти йўқлигини маълум қилган.

Маълумот ўрнида, Абрамович қарийб 20 йилдан бери “Челси”га эгалик қилади. Россиялик миллиардер клубни 2003 йилда тахминан 190 миллион долларга сотиб олган. 2021 йилда Американинг “Forbes” журнали унинг қийматини 3,2 миллиард долларга баҳолаган — у дунёнинг энг қиммат футбол клублари рўйхатида еттинчи ўринни эгаллаган. Ўтган йиллар давомида россиялик миллиардернинг тузилмалари “Челси”га умумий қиймати 2 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратган.

 

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 200
Рейтинг: 3
t
×