Абдуллоҳ қаерда? Ёшлар иттифоқи баёнот билан чиқди
Жамият
−
08 Ноябрь 2019
7985Сўнгги кунларда ОAВ ва ижтимоий тармоқларда Aбдуллоҳ Тоҳиров билан боғлиқ хабарлар тарқалмоқда.
Бундай постларнинг биринчи жорий йилнинг 2 ноябрь куни “Абдуллоҳ қаерда?” сарлавҳаси остида тарқалган эди. Унда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳировнинг 20 яшар ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафтадан буён дарагини бермаётганига оид фикрлар баён этилган.
Одамлар орасида кўплаб саволларни келтириб чиқараётган ушбу воқеа юзасидан ҳеч бир расмий идора маълумот бермаётган бир вақтда, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи баёнот билан чиқди. Унда қайд этилишича, ташкилот мазкур вазият бўйича бир неча кун аввал ўрганиш ишларини бошлаган.
“Бизга маълум қилишларича, Абдуллоҳ Тоҳиров иши билан Ички ишлар вазирлиги эмас, балки бошқа идора шуғулланмоқда ва тез орада бу ҳолат бўйича расмий маълумот берилади.
Биз имконимиз борича Абдуллоҳ ва унинг яқинларига ёрдам қўлини чўзишга тайёрмиз. Айни вақтда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ҳолатга ойдинлик киритиш ва аниқ тафсилотлар олишга ҳаракат қилмоқда.
Биз жараённинг очиқ ва шаффоф ўтиши, ҳолат билан боғлиқ аниқ маълумотларнинг жамоатчиликка тезроқ тақдим қилинишини истаб қоламиз”, дейилади Ёшлар иттифоқи тарқатган хабарда.
Маълумотларга қараганда, аввалроқ 20 яшар Абдуллоҳ Тоҳиров бошқарувидаги автомобиль Андижон вилояти ИИББ ходими бошқарувидаги автомобиль билан тўқнашган. ЙТҲдан кейин 26 октябрь куни Абдуллоҳ Тоҳиров ўз уйидан олиб кетишган.
Шаҳноза Тўрамуротова