Абдулла Қодирий боғида яна бир меҳмонхона қурилади

Жамият 2125
image

Кеча, 20 март куни Hampton by Hilton Tashkent Park Abdula Kodiri меҳмонхонасининг пойдеворига вақт капсуласини қўйиш тантанали маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – Инвестиция ва ташқи савдо бошқармасининг бошлиғи Шароф Раҳмонов, Олмазор туманининг ҳокими Абдумажид Муллажонов ва BI Group компанияси вакиллари иштирок этган. Қозоғистон тарафидан Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси Қанат Ҳасенов ва BI Group директорлар кенгашининг раиси Айдин Раҳимбаевлар вакиллик қилган.

Маълум қилинишича, BI Group компанияси лойиҳа доирасида нафақат қурувчи, балки инвестори бўлиб, инвестициялар миқдори 100 миллиард сўмдан ортиқни ташкил қилади. Янги объект пойтахтимизнинг марказида жойлашади, меҳмонхонадан 120 хона ва бизнес-марказ ўрин олади. Лойиҳа жорий йилнинг май ойида бошланиб, 2022 йил июнь ойида фойдаланишга топширилади.

Тадбирда қурилиш туфайли турли соҳаларга тегишли ўнлаб янги иш ўринлари ташкил этилиши, лойиҳанинг ўзи эса икки қардош республика ўртасидаги муваффаққиятли ҳамкорликнинг ёрқин намунларидан бири бўлиши алоҳида таъкидланган.

Маълумот учун, BI Group — инновацион қурилиш холдинги Қозоғистон кўчмас мулк бозорида етакчидир. Ўз фаолиятини 1995 йилдан амалга ошириб келмоқда, дунёнинг энг йирик қурилиш компаниялари ENR Top 250 Global Contractors рейтингига киради.
 
Hampton by Hilton Tashkent Park Abdula Kodiri – BI Group ва Hilton Worldwide’нинг тўртинчи қўшма лойиҳасидир.

Ўтган йил давомида BI Group холдинги томонидан Hilton Worldwide билан Марказий Осиёда 10 та Hampton by Hilton меҳмонхоналарини қуриш бўйича келишув имзоланди, улардан бири Тошкентдаги меҳмонхона бўлади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 3.1
t
×