Абдулла Арипов Туркия давлати ташкил топганининг 96 йиллиги маросимида қатнашди

Жамият

image

Кеча, 29 октярбрь куни Туркия Республикаси ташкил топганига 96 йил тўлди. Шу муносабат билан Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси томонидан “Hyatt Regency” меҳмонхонасида расмий қабул маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Туркия Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди. 

Маросим аввалида икки мамлакат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Туркия Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эрни Республика куни билан самимий қутлади. 

Элчи сўз оларкан, бугун Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари икки мамлакат раҳбарларининг бошчилигида кун сайин ривожланиб бораётгани, соҳаларда ҳамкорлик кенгаяётгани, айниқса, савдо ҳажми ортиб бораётганини қайд этди. Муштарак тарих, тил, дин, маданият ва стратегик мақсадлар икки мамлакатнинг дўстлигини янада мустаҳкамлаб бораётгани таъкидланди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси жорий йил Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлди. Туркия элчиси Ўзбекистоннинг ушбу қарори Туркия давлати ва раҳбарияти томонидан мамнуният билан қаршиланганини маълум қилди. Эътиборли жиҳати шундаки, элчи минбар 10 дақиқадан ортиқ давом этган нутқини тўлиқ ўзбек тилида, тушунарли ва равон ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Республика куни муносабати билан йўллаган табриги ҳам ўқиб эшиттирилди. 

Маросимда Туркиядан ташриф буюрган таниқли пианино созандаси Тулуйҳан Уғурлунинг концерт дастури бўлиб ўтди. 

Маълумот учун, Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти) 1923 йилнинг 29 октябрида Туркия Республикаси тузилганини эълон қилган эди. Мустафо Камол Отатурк мамлакатнинг биринчи Президенти бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Туркия Абдулла Арипов Меҳмет Сурайё Эр

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг