Абэнинг дафн маросими Японияга деярли икки миллион долларга тушади

Олам 3966
image

Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэнинг дафн маросими Япония ҳукуматига деярли икки миллион долларга тушади. Бу ҳақда “Kyodo” агентлиги хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, бугун, 26 август куни Япония Вазирлар Маҳкамаси ушбу мақсадлар учун 250 миллион иен (1,8 миллион доллар) ажратишни маъқуллаган. Бу миқдор Абэнинг дафн маросими бўладиган Токиодаги “Будокан”аренасини ижарага олиш ва COVID-19 га қарши эҳтиёт чораларини ташкил этиш харажатларини ўз ичига олади. Сиёсатчининг дафн маросимида максимал 6400 киши қатнашиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Япония мухолифат партиялари харажатларни синчиклаб текширади. Чунки, Абэнинг дафн маросимига ажратилган харажат ҳукумат 2020 йилда собиқ Бош вазир Ясухиро Накасоненинг дафн маросимига сарфлаган харажатидан (96 миллион иен) анча юқори.

Шунингдек, хавфсизликни кучайтириш ва самолётлар ёрдамида терактларнинг олдини олиш учун Япония Транспорт вазирлиги кеча, 25 август куни “Будокан”дан 46 километр радиусдаги ҳудудлар учун парвозларни тақиқловчи ҳудуд ташкил этишини маълум қилган.

Абэнинг давлат дафн маросими 27 сентябрь куни “Будокан” ва “Китаномару” боғида бўлиб ўтади.

Абэга суиқасд

Жорий йилнинг 8 июль куни Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ кўчадаги чиқиши давомида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тетсуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ Бош вазир 67 ёшида вафот этди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 22 июль куни Япония ҳукумати собиқ Бош вазир Синдзо Абэнинг давлат дафн маросимини 27 сентябрь куни ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 70
Рейтинг: 3.1
t
×