Аҳволимиз чатоқ: Ўзбекистоннинг сув захираси аллақачон тугаб бўлган
Жамият
−
24 Ноябрь 2022
44005Ўзбекистоннинг сув захираси аллақачон тугаб бўлган. Ҳозир борини ишлатяпмиз. Аҳволимиз эса “критический” ҳолатда.
Бу сўзлар бугун, Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида “Ўзсувтаъминот” АЖ бош муҳандиси Анвар Муҳаммадалиев томонидан янгради.
Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг сув ресурслари бугунги кунда 52-53 минг куб/кмни ташкил қилади. Аммо Ўзбекистон аҳолисининг бугунги эҳтиёжи нақ 62 минг куб/кмга тенг. Шу сабабли ўсиб бораётган мамлакат фуқароларига 6-8 минг куб/км сув етишмаслиги муаммоси мавжуд.
“Бухорони ичимлик суви билан таъминлаш учун Самарқанддан олиб келяпмиз. Бутун бошли Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятига баҳорда Мўйноқ туманида сув тўплаб олиб шуни беряпмиз. Бизда аллақачон сув захираси қолмаган, борини ишлатяпмиз. Ерости сувлари захираси бўйича ҳам аҳволимиз чатоқ. Мана ҳозир суғориш учун қудуқ қазишни камайтириш, мороторий бўйича Президент қарорини тайёрладик. Зомин (Жиззах), Қўшработ (Самарқанд), Нурота (Навоий) туманларида ерости сувлари охирлаб қолган. Аҳволимиз аллақачон “критический” ҳолатда”, деди Анвар Муҳаммадалиев.
“Ўзсувтаъминот” АЖ бош муҳандисининг қўшимча қилишича, суғоришда исрофгарчиликни камайтиришимиз, ичимлик сувидан ҳам фойдаланишни тартибга солишимиз керак.
“Бу фақат “Ўзсувтаъминот” АЖнинг вазифаси эмас. Бу ҳамманинг бурчи. Бутун сув хўжалигининг, сув билан алоқадор бўлган барча соҳаларнинг қиладиган иши”, дея таъкидлади мутахассис.
У фикрини якунлар экан, бу кетишда истеъмол учун сувни кўпроқ олишга мажбур бўлиш ортидан қишлоқ хўжалигига катта зарар етишини урғулади.
LiveБарчаси